Logo

Ўзбекистон Ҳиндистон билан фармацевтика соҳасидаги шерикликни мустаҳкамламоқда

Март 25, 2026. 17:32 • 2 дақ

90
Ўзбекистон Ҳиндистон билан фармацевтика соҳасидаги шерикликни мустаҳкамламоқда

ДЕҲЛИ, 25 март. /“Дунё” АА/. Тошкентда Ўзбекистон ва Ҳиндистон фармацевтика тармоғи вакилларининг бизнес-мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси, Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Ҳиндистон фармацевтика маҳсулотлари экспортини рағбатлантириш кенгаши (Pharmaceuticals Export Promotion Council of India - Pharmexcil) кўмагида ташкил этилган тадбирда Ҳиндистоннинг 50 га яқин етакчи компанияси ва уларнинг ўзбекистонлик шериклари иштирок этди.

Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва Ҳиндистоннинг Тошкентдаги элчиси Смита Пант ўзаро ҳамкорликнинг изчил хусусиятини алоҳида таъкидлади. Қайд этилганидек, фармацевтика икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб, сўнгги йилларда айниқса жадал ривожланмоқда.

Ҳиндистонлик фармацевтларнинг Ўзбекистонга навбатдаги ташрифи икки томонлама шерикликни мустаҳкамлаш борасидаги изчил саъй-ҳаракатларнинг таркибий қисми бўлди. Тармоқ вакиллари мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси фаол кўмагида мунтазам равишда делегациялар алмашмоқда, ихтисослаштирилган бизнес-форумлар ва B2B учрашувлар ўтказмоқда. Хусусан, Агентлик директори Абдулла Азизов бошчилигидаги делегациянинг Ҳиндистонга ташрифи давомида Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва бизнес юритиш учун яратилган қулай ҳамда жозибадор шароитларга бағишланган самарали учрашувлар ва тақдимотлар туркуми бўлиб ўтган эди.

Тошкентдаги музокаралар ва «харидор-сотувчи» сессиялари доирасида томонлар женериклар, фаол фармацевтик ингредиентлар, шунингдек, гербал маҳсулотлар ва аюрведа воситаларини ишлаб чиқариш сегментларида ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди. Технологиялар трансфери ва кооперация алоқаларини чуқурлаштириш масалаларига алоҳида урғу берилди.

Ҳиндистон делегацияси аъзолари Ўзбекистон бозорининг салоҳиятини юқори баҳолаб, тегишли идоралар ва бизнес даражасидаги тизимли мулоқот икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро иқтисодий самарадорликни таъминлаш ва мамлакатларнинг технологик шериклигини мустаҳкамлаш имконини беришини таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш