Украина Президенти мамлакатдаги норозиликлар фонида қуролли кучларнинг янги бош қўмондонини тайинлади

Июль 22, 2026. 12:30 • 2 дақ

20
Украина Президенти мамлакатдаги норозиликлар фонида қуролли кучларнинг янги бош қўмондонини тайинлади
 “UNN” АА сурати

КИЕВ, 22 июль. /“Дунё” АА/. Украина Президенти Владимир Зеленский генерал-майор Михаил Драпатийни Александр Сирский ўрнига Украина Қуролли Кучларининг янги бош қўмондони этиб тайинлаганини эълон қилди ва собиқ мудофаа вазири Михаил Федоровга ҳокимиятдаги янги лавозимни таклиф этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“UNN” ахборот агентлигининг хабар беришича, Украина давлат раҳбари қарорни видеомурожаатида маълум қилган. У Бош штаб тузилмасини ислоҳ қилиш ва армияни янада ривожлантириш масалалари бўйича ҳарбий раҳбарият билан маслаҳатлашувлардан сўнг қабул қилинганини таъкидлади.

Президент Александр Сирскийга хизмати учун миннатдорчилик билдириб, унинг мамлакат мудофаасига қўшган ҳиссасини алоҳида қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Украинанинг асосий мақсади фронтда зарур шароитларни яратиш ва Россияни “тинчликка мажбурлаш” учун унга босимни кучайтириш бўлиб қолмоқда.

Украина Қуролли Кучлари раҳбариятидаги ўзгаришлар мудофаа вазири Михаил Фёдоровнинг истеъфоси билан боғлиқ бир неча кунлик оммавий норозилик намойишларидан сўнг содир бўлди. Намойишчилар Сирскийни ишдан бўшатишни ва Фёдоровни мудофаа вазирлиги раҳбари лавозимига қайтаришни талаб қилди. Норозилик намойишлари ташкилотчилари, акс ҳолда, муддатсиз умуммиллий акция бошлашга тайёр эканини билдирган.

Сирскийнинг истеъфоси эълон қилинганидан сўнг, Владимир Зеленский Михаил Фёдоров билан учрашганини ва унга давлатнинг технологик таркибий қисмини бирлаштириш ҳамда унинг кейинги фаолиятини таъминлаш имконини берадиган ҳокимиятдаги муносиб лавозимни таклиф қилганини айтди.

Михаил Драпатий 2025 йил июнь ойидан бери Харков вилоятидаги фронт участкасига масъул бўлган Украина Қуролли Кучлари Бирлашган кучларини бошқарган. Бунга қадар у “Днепр” тезкор-стратегик гуруҳини бошқарган. 2014 йилда 72-алоҳида механизациялашган бригада батальони командири сифатида Мариуполь учун жангларда қатнашган.

У Михаил Фёдоровни алоҳида қўллаб-қувватлаб, унинг армияни ислоҳ қилиш ва тизимли муаммоларни ҳал этиш бўйича саъй-ҳаракатларини кўрганини айтди. Вазир истеъфога чиққанидан сўнг, генерал Қуролли Кучлардаги ўзгаришларни давом эттириш тарафдори бўлиб, қўмондонлар муаммоларни яширмаслиги кераклигини таъкидлади, чунки уларнинг оқибати инсонлар ҳаёти ва бой берилган имкониятлар билан ўлчанади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш