Logo

Остона саммитларида минтақавий экологик барқарорлик ва сув хавфсизлигининг янги стратегиялари белгиланади

Апрель 22, 2026. 08:15 • 6 дақ

188
Остона саммитларида минтақавий экологик барқарорлик ва сув хавфсизлигининг янги стратегиялари белгиланади

ТОШКЕНТ, 22 апрель. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Минтақавий экологик саммит ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг йиғилишида иштирок этади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирлар давомида Марказий Осиёнинг барқарор тараққиёти йўлида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақанинг долзарб экологик, иқлим ва сув муаммоларини ҳал этиш масалалари муҳокама қилинади.

Президентимиз ушбу масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашади, миллий павильонлардан иборат махсус экологик кўргазмага ташриф буюради. Саммитлар якунида қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилиниши кутилмоқда.

Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг ушбу учрашуви алоҳида аҳамиятга эга. Чунки 2027­–2029 йилларда жамғармага раислик қилиш Ўзбекистонга ўтиши режалаштирилган. Мамлакатимиз учун бу 19971999 ва 20132016 йиллардаги раислик даврларидан кейин тарихда учинчи мандат бўлади.

2023 йилда Душанбе шаҳрида Тожикистон раислигидаги Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган мажлисда Ўзбекистон етакчиси томонидан қатор аҳамиятга молик таклифлар билдирилган эди.

Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ва институционал механизмларини модернизация қилиш; устувор минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун инвестиция, технология ва техник кўмакни жалб этиш масалалари бўйича тизимли ҳамкорликни кучайтириш; жамғарманинг ишчи органларига халқаро консультантлар иштирокида Амударё ва Сирдарё ҳавзаларини ривожлантириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган режалар ишлаб чиқиш; сув ва бошқа табиий ресурслардан тежаб-тергаб фойдаланиш маданиятини шакллантириш, махсус дастурни қабул қилган ҳолда, ёшлар ташаббуслари ва стартапларини қўллаб-қувватлаш масалаларида ёшлар билан ишлашни минтақавий даражада ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш каби илғор ташаббусларни илгари сурганди.

1993 йилда ташкил этилган ОҚХЖ ўтган давр мобайнида минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва шерикликнинг ажралмас механизмига айланди.

2008 йилдан буён БМТ Бош Ассамблеясида кузатувчи мақомига эга бўлган ушбу ноёб платформа сув ресурсларини бошқариш, экологияни соғломлаштириш ва Оролбўйи ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни комплекс тарзда ҳал қилишда ягона минтақавий тузилмага айланди.

Марказий Осиё сўнгги йилларда иқлим ўзгариши оқибатларига тобора кўпроқ дуч келаётган ва дунёда ундан энг кўп зарар кўриши мумкин бўлган минтақаларидан бири. Сўнгги 70 йил ичида Марказий Осиёда ҳарорат Цельсий бўйича 1,5–2 даражага кўтарилди. Бу экологик муаммоларнинг кескинлашувига, музликларнинг эриши ва чўлланишнинг тезлашишига таъсир кўрсатмоқда.

Марказий Осиёда сув ресурслари тақчиллиги ортиб бормоқда. Бугунги кунда 37 миллион нафардан ортиқ киши асосан сув таъминотининг пасайиши, тегишли инфратузилманинг етарли даражада ривожланмаганлиги билан боғлиқ бўлган сув ресурслари кескин етишмайдиган ҳудудларда яшайди.

Евроосиё тараққиёт банки ҳисоб-китобларига кўра, 2025–2030 йилларда минтақа мамлакатлари учун сув ва иқлим инфратузилмасига зарур бўлган инвестицияларнинг умумий ҳажми қарийб 29,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

Оролбўйи минтақасининг ҳолати вазиятни қийинлаштирмоқда – шамоллар Оролнинг қуриган тубидан ҳар йили тахминан 15–75 миллион тонна қум, чанг ва тузни учириб кетади. Бу эса сезиларли масофаларда ҳавонинг сифатини ёмонлаштиради ва бевосита ижтимоий-иқтисодий йўқотишларга олиб келади.

Шу сабабдан ҳам сўнгги йилларда Марказий Осиёнинг минтақавий кун тартибида экологик масалалар тобора устувор аҳамият касб этмоқда. Сув ресурслари билан боғлиқ муаммолар, ерларнинг деградацияси, иқлим ўзгариши, Оролбўйининг ҳолати эндиликда минтақа мамлакатлари томонидан алоҳида эмас, балки минтақанинг умумий барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалалари контекстида кўрилмоқда.

Минтақа мамлакатларининг иқлим билан боғлиқ халқаро тадбирларда фаоллашганини ҳам таъкидлаш жоиз. Хусусан, БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси конференцияларида Марказий Осиё мамлакатлари “5 мамлакат – 1 минтақа – 1 овоз” тамойили остида чиқиш қилиб, иқлим муаммолари бўйича миллий устувор масалалар ва умумий минтақавий ёндашувларни тақдим эта бошлади.

Шунингдек ўқинг

Орол инқирози оқибатларига мослашиш масаласида ҳам сезиларли натижаларга эришилди. Хусусан, Орол денгизининг қуриган тубида Ўзбекистон томонида сўнгги 5 йил ичида 2 миллион гектар ўрмонзорлар барпо этилди, Қозоғистон томонида 1 миллион гектардан ортиқ майдонда ўрмон-мелиорация ишлари олиб борилди.

Минтақавий ҳамкорликнинг яна бир ёрқин натижаларидан бири Шимолий Оролдаги вазиятнинг яхшиланиши бўлди. Сирдарё бўйидаги  сув омборларининг иш тартибини мувофиқлаштириш ва давлатлараро келишувларни бажариш ҳисобига сўнгги уч йилда денгизга 6 миллиард куб метрдан ортиқ сув келиб тушди. Натижада, Шимолий Оролнинг ҳажми 2022 йил охиридаги 18,9 миллиард куб метрдан 2025 йил охирида 23 миллиард куб метргача ошди.

Билим алмашинуви ва илмий экологик экспертиза соҳасида ҳам минтақавий ҳамкорлик кенгаймоқда. Ўзбекистонда атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш бўйича Марказий Осиё университетининг ташкил этилиши ушбу ҳамкорликнинг натижаси бўлиб, минтақада шу йўналишда кадрлар тайёрлаш ва қўшма тадқиқотларни ривожлантириш учун янги майдонга айланди.

Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Минтақавий экологик саммитлар иқлим масаласида умумий мақсадига эришиш йўлидаги яна бир қадам бўлади. Иқлим ва экологик муаммоларни бартараф этиш бўйича янги ва амалий ечимларни ишлаб чиқиш нафақат Марказий Осиё мамлакатларининг глобал иқлим кун тартибига қўшган ҳиссасини оширишга, балки экотизимлар барқарорлигини таъминлаш, ҳаво ифлосланишини камайтириш, табиий ресурсларни барқарор бошқариш ва устувор равишда сув ва энергетика ресурсларини бошқариш бўйича минтақавий вазифаларни ҳал этишга ҳам хизмат қилади.

Сўнгги йилларда давлатлараро келишувларга қатъий амал қилиниши натижасида турли лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. 2018 йилда БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фондининг ишга туширилиши сиёсий ташаббусларга муҳим қўшимча бўлди. Ўзбекистон таклифи билан ташкил этилган мазкур фонд минтақадаги долзарб ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларни ҳал қилиш учун донорлик ресурсларини бирлаштириш ва халқаро ҳамжамиятни мувофиқлаштиришнинг самарали механизмига айланди.

Шу билан бирга, юртимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Атроф-муҳитни асраш, табиатни яшнатиш мақсадида ташкил этилган ушбу лойиҳа доирасида ҳар йили 200 миллион туп кўчат экиш акцияси мунтазам ўтказилиб келинмоқда.

Ўтган даврда 2 минг гектардан зиёд майдонда 942 та яшил боғ ва яшил жамоат парклари, 47 та массивда “Янги Ўзбекистон боғлари”барпо этилди. Республиканинг тоғ, чўл ва адирларида 256 минг гектар ўрмон ташкил қилинди. Оролнинг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда яшил қопламали ҳимоя ўрмонзорлари яратилди. Шамол ва қум-чанг бўронлари зарарли таъсирининг олдини олиш мақсадида 33 та туманда 60 километрли “яшил белбоғ” ҳосил қилинди.

2025 йилда Хўжайли, Янгибозор, Ғиждувон, Балиқчи ва Оҳангарон туманларида йилига 5,5 миллион туп манзарали дарахт кўчатлари етиштириш имконини берадиган замонавий кўчатхоналар ишга туширилди.

Бундан ташқари, чўлланишни камайтириш учун Хитой тажрибаси асосида жорий йил илк бор Арнасой, Қоракўл, Муборак, Кармана ва Нукус туманларида 50 гектар майдонда сувсизликка чидамли галофит боғлари яратилди.

Минтақа мамлакатларининг 2023 йилги Душанбе саммитида илгари сурган ташаббуслари Остонадаги музокараларнинг асосий кун тартибини белгилаб беради. Хусусан, Ўзбекистон томони ҳар бир минтақавий лойиҳа бўйича молия ва муддатлар аниқ белгиланган “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш, сув тежовчи технологиялар бўйича ҳамкорликни кучайтириш ҳамда Афғонистонни, хусусан Қўштепа канали таъсирини ўрганиш орқали минтақавий сув мулоқотига жалб этиш ташаббуси билан чиқмоқда.

Йиғилишда Орол денгизи ва унинг ҳавзасидаги экологик вазият, барқарор ривожланиш, озиқ-овқат ва энергия хавфсизлиги борасидаги йирик лойиҳалар кўриб чиқилади. Хусусан, ҳозирда Орол денгизи ҳавзасида 42 та экологик лойиҳа амалга оширилмоқда. Шунингдек, Жаҳон банки кўмагида икки минтақавий грант лойиҳасини ишга тушириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Остона саммитлари Марказий Осиё давлатларининг экологик офатга қарши курашда нақадар бирлашганлигини кўрсатувчи кўзгу бўлади. Эскирган суғориш усулларидан рақамли бошқарув тизимига ўтиш, сиёсий ирода ва институционал янгиланишлар минтақавий тинчлик ва фаровонликнинг кафолатидир. 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш