Тарихий ғалаба. 20 ёшли Жавоҳир Синдаров Номзодлар турнири ғолиби бўлди
Апрель 15, 2026. 11:22 • 2 дақ
• 383
ТОШКЕНТ, 15 апрель. / “Дунё” АА/. 14 апрель куни 20 ёшли ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров 2026 йилги Номзодлар турнирининг 13-турида нидерландиялик Аниш Гири билан дуранг ўйнаб, амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу билан шахмат тожи учун баҳслашиш ҳуқуқини қўлга киритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Кипрда ўтаётган Номзодлар турнирининг ҳал қилувчи баҳсига ғалаба кайфияти билан чиққан Аниш Гири (оқ) орадаги фарқни қисқартириш имкониятини сақлаб қолиш учун ўзбекистонлик шахматчига қарши бироз қалтис тактикани танлади.
Нидерландиялик гроссмейстер деярли бенуқсон ўйин кўрсатди: компьютер унинг юришлари аниқлигини 99,2 фоиз деб баҳолади. Бироқ Жавоҳир янада ақл бовар қилмас ўйин намойиш этиб, ҳар бир юришни мутлақ аниқлик билан – 99,5 фоиз хотиржамлик билан амалга оширди.
Жавоҳир Синдаровнинг хотиржамлиги ва аниқлиги рақибнинг барча уринишларини йўққа чиқариб, уни дурангга рози бўлишга мажбур қилди.
13 турдан сўнг (6 ғалаба, 7 дуранг) 9,5 очко тўплаган ўзбекистонлик гроссмейстер 2026 йилги Номзодлар турнирида бир тур олдин расман ғалаба қозонди. Бу Жавоҳирга амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражуга қарши жаҳон чемпиони унвони учун ягона йўлланмани тақдим этди.
Эътиборлиси, 20 ёшли шахматчи жаҳон чемпиони унвони учун кураш йўлида Магнус Карлсен, Вишванатан Ананд ва Ян Непомняший каби афсонавий шахматчиларнинг рекордларини янгилади.
Олтита ғалабага эришган Жавоҳир тарихий натижа қайд этди. У 2013 йилда Номзодлар турнирида саккиз нафар иштирокчи қатнашган икки даврали айланма тизим жорий этилганидан бери 13 йил давомида сақланиб келган рекордни янгилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси