Покистоннинг Синд провинциясида Ўзбекистоннинг фахрий консули тайинланди

Октябрь 30, 2026. 09:00 • 2 дақ

• 106
Покистоннинг Синд провинциясида Ўзбекистоннинг фахрий консули тайинланди

КАРАЧИ, 30 октябрь. /“Дунё” АА/. Покистонлик таниқли тадбиркор ва жамоат арбоби Холид Маҳмуд Ўзбекистоннинг Покистоннинг Синд провинциясидаги фахрий консули этиб тайинланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур тайинлов икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қаратилган. Янги фахрий консулнинг асосий вазифалари қаторига Синд провинцияси ва унга туташ ҳудудларда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш киради.

Шунингдек, покистонлик инвесторлар ва сайёҳларни Ўзбекистонга жалб қилиш, маҳсулотларимизнинг Покистон бозоридаги экспорт ҳажмини ошириш, фан, тиббиёт, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Меҳнат миграциясини уюшган ҳолда ташкил этишга кўмаклашиш ҳам муҳим йўналишлардан бири бўлади.

Холид Маҳмуд ушбу тайинловни юксак ишонч ва катта масъулият деб баҳолаб, икки мамлакат компаниялари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун ўз тажрибаси ва имкониятларини сафарбар этишини билдирди.

Холид Маҳмуд Покистоннинг “Getz Pharma Pvt. Ltd.”, Бирлашган Араб Амирликларининг “Getz Pharma International FZ LLC” ва “Scitech International DMCC” компанияларига раҳбарлик қилади. У фармацевтика саноати, халқаро бизнес, инвестиция фаолияти ва экспортни ривожлантириш борасида бой тажрибага эга.

У 2018 йилда Ўзбекистонда “Getz Pharma” гуруҳига кирувчи “Novugen Pharma FE LLC” фармацевтика компаниясини ташкил этган эди. Ҳозирда мазкур корхонада 240 нафардан ортиқ ходим меҳнат қилмоқда, унинг маҳсулотлари эса Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистонга экспорт қилинади. Шунингдек, Холид Маҳмуд 2018 йилда Покистоннинг юксак давлат мукофоти — “Tamgha-e-Imtiaz” ордени билан тақдирланган.

Фахрий консулнинг тайинланиши Ўзбекистон–Покистон муносабатларига қўшимча суръат бағишлаб, ишбилармон доиралар ҳамкорлигини кенгайтириш ва ўзаро манфаатли лойиҳалар учун янги имкониятлар очишга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш