ТДТ доирасидаги стратегик шериклик ва муштарак мақсадлар умумий тараққиётимизни янада юксалтиради

Октябрь 30, 2026. 08:10 • 7 дақ

• 78
ТДТ доирасидаги стратегик шериклик ва муштарак мақсадлар умумий тараққиётимизни янада юксалтиради

АНҚАРА, 30 октябрь. /“Дунё” АА/. Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг Анқарада бўлиб ўтадиган 13-саммити арафасида туркиялик олимлар, экспертлар ва жамоат арбоблари “Дунё” ААга туркий давлатлар ҳамкорлиги, хусусан, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги биродарлик муносабатлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Илёс Топсакал, Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутати, профессор:

– Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё, балки бутун туркий дунёнинг тарихий, маънавий ва маданий тараққиётида муҳим ўрин тутади. Самарқанд, Бухоро ва Хивада шаклланган илм-фан, адабиёт ва маърифат анъаналари туркий халқлар цивилизацияси ривожига катта таъсир кўрсатган.

Мовароуннаҳр илмий меросининг Анадўли ва Усмонийлар маданиятига таъсирини чуқур ўрганиш умумий тарихимизни янада теран англашга ёрдам беради.

Тарихий меросни асраш билан бирга, уни замонавий ҳамкорлик учун асосга айлантириш муҳим. Ўзбекистон ва Туркиянинг таълим, илм-фан, маданият ва савдо-иқтисодий соҳалардаги алоқаларини кенгайтириш, Озарбайжон, Қозоғистон ва минтақанинг бошқа давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш транспорт, савдо ва иқтисодиёт ривожига хизмат қилади.

Университетлар, илмий марказлар ва зиёлилар ўртасидаги алоқаларни кучайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали туркий дунёнинг халқаро майдондаги салоҳиятини янада ошириш мумкин.

Руҳий Эрсой, Аҳмад Жавод тадқиқот институти ретори, профессор:

– Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорликнинг ривожланиши қардош халқлар ўртасидаги тарихий ва маънавий яқинликни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим имкониятдир.

Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ишонч сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарларда шаклланган илм-фан ва маърифат анъаналари билан бутун Туркий дунёнинг умумий тарихий меросида алоҳида ўрин эгаллайди. Бу меросни асраш ва келажак авлодларга етказиш барчамизнинг вазифамиздир.

ТДТ доирасида транспорт ва савдо йўлакларини ривожлантириш, инвестицияларни кўпайтириш, таълим ва илм-фан бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, туризм ва маданий алмашинувни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Тарихий яқинликни замонавий иқтисодий имкониятлар билан уйғунлаштириш орқали туркий давлатлар халқлар фаровонлигига хизмат қилувчи узоқ муддатли стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга интилмоқда.

Айнур Ўзжан, Анқара университети профессори:

– Қарийб 35 йилдан буён Анқара университетида ўзбек тилидан дарс бераётган мутахассис сифатида Ўзбекистон Президентининг саммитда иштирок этишини катта қувонч билан қарши оламан. Бу ташриф икки давлат ўртасидаги яқинлик ва муштарак маданий мероснинг ифодасидир.

Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, демографик имкониятлари ва бой маданий мероси ТДТ доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Ташкилот Бош котиблигига Ўзбекистон вакили номзодининг маъқулланиши ҳам умумий ташаббусларни мувофиқлаштириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар яратади.

Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк сиймолар мероси барча туркий халқлар учун умумий маънавий бойликдир.

Ўзбек тили ва адабиётини тарғиб қилиш, университетлараро ҳамкорликни, талабалар ва олимлар алмашинувини кенгайтириш халқларимиз ўртасидаги яқинликни мустаҳкамлайди. Саммит доирасидаги қарорлар халқлар фаровонлиги, минтақавий барқарорлик ва умумий тараққиётга хизмат қилиши лозим.

Кемал Курназ, Туркий дунё фуқаролик жамияти ҳамкорлиги уюшмаси (TÜRKSİT) раиси:

– Ўзбекистон буюк тарих, бой маънавий мерос ва асрлар давомида шаклланган қардошлик рамзидир. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Фарғона, шунингдек, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Мотуридий, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур мероси бутун туркий дунёнинг умумий маданий хотирасида муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистонда турк капитали иштирокидаги 2,2 мингдан ортиқ компания фаолият юритаётгани икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқалар кўламини кўрсатади. Бундай ҳамкорлик янги иш ўринлари яратиш ва мутахассислар салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Давлатлараро келишувлар билан бир қаторда, тадбиркорлар, олимлар, маданият ва санъат намояндалари ҳамда ёшлар ўртасидаги бевосита мулоқотни кенгайтириш зарур.

Ўзбек тили ва адабиётини Туркияда, турк тили ва маданиятини Ўзбекистонда тарғиб қилиш, таълим ва маданий алмашинув дастурларини ривожлантириш муҳим. Халқлар ўртасидаги самимий муносабатлар мустаҳкам биродарликнинг асосидир.

Меҳмет Сейфеттин Эрол, “АНКАСАМ” таҳлил маркази раиси, сиёсатшунослик фанлари доктори, профессор:

– ТДТнинг Анқарадаги 13-саммити глобал беқарорлик ва геосиёсий рақобат шароитида туркий мамлакатлар ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим имкониятдир.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон ва Туркиянинг яқин муносабатлари нафақат икки томонлама алоқалар, балки бутун Туркий дунё барқарорлиги ва тараққиёти учун ҳам аҳамиятли.

Ўзбекистоннинг минтақавий мулоқотни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслари ТДТ фаолиятини янада самарали ташкил этишга хизмат қилиши мумкин.

Ташкилотнинг келгуси фаолиятида транспорт ва логистика, савдо, энергетика ҳамда рақамли технологиялар устувор йўналишлар бўлиши зарур. Ўрта коридор имкониятларини кенгайтириш, божхона жараёнларини соддалаштириш ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлайди.

Шу билан бирга, таълим, илм-фан, экологик дипломатия ва маданий алмашинув соҳаларидаги ҳамкорликка ҳам эътибор қаратиш лозим. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тинчлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, экологик муаммоларни ҳал этиш борасидаги тажрибаси туркий давлатлар учун фойдали бўлиши мумкин.

Энг муҳими, умумий мақсадлар аниқ режалар, мувофиқлаштирилган ҳаракатлар ва амалий натижалар билан таъминланиши керак.

Халит Ҳамзаўғли, Кавказ университети доценти, халқаро муносабатлар бўйича эксперт:

– ТДТнинг 13-саммити туркий мамлакатлар ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим имкониятдир.

2009 йилда ташкил этилган ташкилот бугун маданий яқинликни мустаҳкамлаш билан бирга, транспорт, энергетика, савдо ва рақамли технологиялар соҳаларида амалий ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Ўзбекистоннинг 2019 йилда ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиши унинг салоҳиятини янада оширди.

Ўзбекистоннинг стратегик географик ўрни, иқтисодий имкониятлари ва барча аъзо давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга интилиши умумий ташаббусларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратади. Бунинг учун мавжуд салоҳиятни аниқ иқтисодий натижаларга айлантириш зарур.

Хусусан, Ўрта йўлакни ривожлантириш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, божхона жараёнларини рақамлаштириш ва техник стандартларни мувофиқлаштириш савдо алоқаларини мустаҳкамлайди.

Ўзбекистон Президентининг сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик механизмини яратиш ва “Рақамли туркий йўлак” концепциясини ишлаб чиқиш бўйича таклифлари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Уларни амалий лойиҳалар билан қўллаб-қувватлаш киберхавфсизлик, электрон божхона ва қўшма илмий тадқиқотларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Ножий Енгин, Туркий дунё стратегик тадқиқотлари маркази (TARSAM) эксперти:

– Ўзбекистон ва Туркия муносабатларининг асосини тарихий яқинлик, муштарак маданият ва маънавий қадриятлар ташкил этади.

Ўзбекистон 1991 йилда мустақилликка эришгач, икки мамлакат алоқалари янги босқичга кўтарилди. Туркиянинг Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлатлардан бири бўлиши ва 1992 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилиши ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратди.

Халқларимиз ўртасидаги яқинлик тил, урф-одат ва адабий меросда ҳам намоён бўлади. Шу боис университетлар, илмий марказлар ва маданий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни, қўшма тадқиқотлар ва академик алмашинувларни кенгайтириш муҳим.

Ўзбекистоннинг демографик салоҳияти, табиий ресурслари ва стратегик географик ўрни ТДТ доирасидаги ҳамкорлик учун катта имкониятлар яратади.

Туризм, қурилиш, энергетика, савдо, таълим ва технология соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш икки мамлакатнинг иқтисодий имкониятларини бирлаштиради. Ташкилотнинг асосий вазифаси тарихий ва маданий яқинликни амалий ҳамкорлик билан бойитишдан иборат.

Неждет Унувар, Анқара университети ректори, профессор:

– Ўзбекистон ва Туркия муносабатларининг асосини халқларимизни бирлаштирувчи тарихий илдизлар, муштарак қадриятлар ва самимий биродарлик ташкил этади.

Хива, Урганч, Бухоро, Самарқанд ва Тошкентга ташрифларим давомида бу яқинликни янада чуқур ҳис қилдим. Айниқса, ўзбек ёшларининг одоб-ахлоқи, муомала маданияти ва миллий қадриятларга ҳурмати катта таассурот қолдирди. Тилларимизнинг яқинлиги ҳам халқларимизнинг бир-бирини англашида муҳим ўрин тутади.

Бугун таълим, илм-фан, маданият ва ёшлар алмашинуви соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарур. Анқара университети ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасида қўшма тадқиқотлар ўтказиш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини ривожлантириш янги имкониятлар очади.

Университетимиз туркий дунё, хусусан, Ўзбекистон билан ушбу йўналишлардаги алоқаларни мустаҳкамлашга тайёр. Муштарак келажагимиз ўзаро ишонч ва биродарлигимизни янада ривожлантиришимизга боғлиқ.

ТДТ саммити ҳақида тўхталадиган бўлсам, ушбу йиғилиш қардош мамлакатлар ўртасидаги тарихий ва маданий яқинликни амалий ҳамкорлик билан бойитишига ишонаман.

Энг муҳими, ТДТ доирасидаги стратегик шериклик ва муштарак мақсадлар умумий тараққиётимизни янада юксалтиради

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш