Германия матбуоти: Ўзбекистон – Евроосиёнинг стратегик транспорт хабига айланмоқда
Февраль 05, 2026. 09:22 • 3 дақ
• 61
БЕРЛИН, 5 февраль. /“Дунё” АА/. Германиянинг нуфузли “The European Circle” онлайн нашрида мамлакатимизда транспорт-логистика соҳасидаги жадал трансформация жараёнлари ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг халқаро темир йўл коридорларини ривожлантириш ва транзит салоҳиятини ошириш борасидаги муҳим ислоҳотларига бағишланган таҳлилий мақолада қайд этилишича, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли модернизация ишлари Евроосиё қитъасида янги муқобил транспорт ва логистика йўналишлари ривожлантириш ҳамда савдо кўламини янада оширишга катта ҳисса қўшади.
Мақолада Ўзбекистоннинг Европа, Осиё ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк сифатидаги роли алоҳида урғуланган. Нашр Транспорт вазирлиги маълумотларига таяниб, мамлакатнинг TRACECA, Хитой-Қозоғистон–Ўзбекистон ва Эроннинг Бандар–Аббос портига чиқувчи йўналишлар орқали халқаро бозорларга интеграциялашувини таҳлил қилади.
Немис нашри Ўзбекистоннинг соҳа бўйича ташаббуслари нафақат минтақавий, балки халқаро миқёсда ҳам аҳамиятга эга эканига эътибор қаратади. Айниқса, Афғонистон орқали Покистон портларига чиқувчи “Трансафғон темир йўли” лойиҳаси тарихий воқеа сифатида таърифланган. У Марказий Осиёни Жанубий Осиё ва Ҳинд океани билан боғлайдиган ва минтақада савдо алоқалари ва иқтисодиётни ўсиши учун янги имкониятлар очадиган лойиҳа, дейилади нашрда.
Материалда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг техник паркини янгилаш борасидаги дастурлари юқори баҳоланган. Хусусан, Жанубий Кореянинг “Hyundai Rotem” компаниясидан 6 та юқори тезликдаги электропоезд харид қилиниши, Хитойдан 88 та янги локомотив сотиб олиниши соҳадаги кескин бурилиш сифатида кўрсатилган. Яқин келажакда Тошкент–Урганч–Хива йўналишида юқори тезликдаги поездлар ҳаракатланишини йўлга қўйиш орқали сафар вақтини тахминан 14 соатдан 7,5 соатгача қисқартиришга эришиш кутилмоқда. Шунингдек, тизимда рақамли технологияларнинг жорий этилиши натижасида вагонларга буюртма бериш вақти 72 соатдан 12 соатгача тушгани ва Тошкент темир йўл узелларида ўтказувчанлик қобилияти 30 фоизга ошгани соҳадаги самарадорликнинг муҳим кўрсаткичи сифатида қайд этилади.
Мақоланинг энг диққатга сазовор қисми – Ўзбекистоннинг экологик масъулиятига бағишланган. Ҳозирда темир йўл тармоғининг 70 фоизи электрлаштирилган бўлиб, 2030 йилгача бу кўрсаткични 85 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу Марказий Осиёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири экани урғуланган. Соҳа экспертларининг фикрича, Ўзбекистоннинг сўнгги 8 йилда қуёш ва шамол энергиясига киритган 17,2 миллиард евро миқдоридаги инвестицияси темир йўлларни “яшил энергия”га ўтказиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Нашрнинг ёзишича, юқори тезликдаги темир йўл қатновининг ривожланиши Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларга сайёҳлар оқимини 2026 йилга келиб уч баробарга ошириш имконияти башорат қилинмоқда. Кунига ўртача 30 мингга яқин йўловчи ташилаётгани соҳанинг нақадар муҳим ижтимоий аҳамиятга эга эканини тасдиқлайди.
Германия нашрининг ёзишича, мамлакат темир йўллари шунчаки транспорт тизими эмас, балки мамлакат иқтисодиётининг таянч устунларидан бири ҳамда Евроосиё транзит салоҳиятини белгиловчи асосий омилдир. Халқаро молия институтлари (EBRD, ADB ва World Bank) билан ҳамкорлик эса ушбу стратегик лойиҳаларнинг ишончлилигини янада оширади, дея хулоса қилади немис манбаси.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
