Logo

Аҳмад Фаруқ: Биз икки давлат ўртасидаги стратегик алоқаларнинг “олтин даври”га гувоҳ бўлмоқдамиз

Февраль 05, 2026. 10:27 • 9 дақ

94
Аҳмад Фаруқ: Биз икки давлат ўртасидаги стратегик алоқаларнинг “олтин даври”га гувоҳ бўлмоқдамиз

ТОШКЕНТ, 5 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифи арафасида, Покистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Аҳмад Фаруқ “Дунё” АА мухбирига интервью бериб, ушбу ташрифнинг аҳамияти, кутилаётган келишувлар ва ЎзбекистонПокистон муносабатларининг истиқболлари ҳақидаги фикрларини баён этди:

Элчи жаноблари, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги стратегик шериклик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Айтингчи, 2025 йил икки томонлама ҳамкорликда қайси жиҳатлари билан тарихий аҳамият касб этди?

- Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Сизга ҳам таклиф учун миннатдорлик билдираман.

Таъкидлаб ўтканингиздек, Покистон – Ўзбекистон муносабатлари йиллар давомида, айниқса, сўнгги тўрт-беш йил ичида жадал ривожланиб, ижобий йўналишда кескин ўсди. Икки томон ўртасида олий даражадаги алоқалар йўлга қўйилди, давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари амалга оширилди, ишчи даражадаги учрашувлар кўпайди, савдо ҳажми ошди, халқлар ўртасидаги алоқалар ҳам фаоллашди. Яъни, Покистон–Ўзбекистон муносабатларида ҳар томонлама ривожланиш кузатилди.

2025 йилга келадиган бўлсак, энг муҳим воқеа – Покистон Бош вазирининг Ўзбекистонга амалга оширган тарихий ташрифи бўлди. Ушбу ташриф давомида Президент вa Бош вазир ўртасида самимий муносабат ва ўзаро ишонч муҳитини кўриш мумкин эди. Бу ташриф икки томонлама ҳамкорликнинг турли йўналишларини муҳокама қилиш, савдо, тижорат, инвестиция, халқлар ўртасидаги алоқалар, туризм каби соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш вa мустаҳкамлаш имконини берди. Раҳбарлар қатор аниқ мақсадларни белгилаб олди. Энг муҳим мақсадлардан бири — яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказишдир.

Ташриф якунлангач, Покистон вa Ўзбекистон томонлари етакчилар келишувларини амалга ошириш учун қўшма ҳаракат режаси — “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқди. Ушбу ҳужжатлар тўплами қарийб

10–12 та келишувдан иборат бўлиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш механизмлари белгилаб олинди.

Йўл харитаси бизга аниқ ва амалий натижаларга эришиш имконини беради. Ҳар бир соҳа бўйича жами 40 та банддан иборат режани изчил амалга оширмоқдамиз. Шу мақсадда, Покистон вa Ўзбекистондан юқори даражадаги кўплаб ташрифлар амалга оширилди, ҳамкорлик масалалари юзасидан фаол ишлар олиб борилди.

Натижада, ўзаро савдо ҳажми 450 миллион долларга етди. Ваҳоланки, бир неча йил аввал бу кўрсаткич 100 миллион доллардан ҳам кам эди. Бу эса ўсиш суръатлари қанчалик тез бўлганини яққол кўрсатади. Олдимизда ҳали катта марралар бор, бироқ эришилган натижалар ҳам салмоқли.

Халқлар ўртасидаги алоқалар борасида ҳам сезиларли ўсиш кузатилди. 2024 йил февраль ойида биринчи авиақатнов йўлга қўйилди, ноябрь ойига келиб, парвозлар сони биттадан иккитага ортди. Ҳозир эса ҳафтасига тўртта рейс амалга оширилмоқда. Келгусида яна икки-учта янги йўналиш йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Минтақавий транспорт алоқаларини ривожлантириш доирасида Покистон, Ўзбекистон вa Афғонистон Транс-Афғон темир йўли бўйича техник-иқтисодий асослаш ишларини ўтказиш юзасидан келишувни имзолади.

Булар фақат айрим мисоллар, холос. Асосий айтмоқчи бўлган фикрим шуки, 2025 йил жуда самарали бўлди. У аввалгисидан ҳам яхшироқ натижалар берди. Иншаллоҳ, 2026 йил бундан ҳам баракали ва муваффақиятли бўлишига умид қиламиз.

Сўнгги йилларда давлатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар қайси соҳаларда жадал ривожланмоқда?

Бу борада айтишим мумкинки, савдо ҳамкорлигининг асосий йўналишлари — фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик соҳаларидир.

Аввало, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги масаласига тўхталсак, ушбу йўналишда Покистоннинг Ўзбекистонга асосий экспорт маҳсулотлари қаторига гўшт, гуруч, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари киради. Ўзбекистон томонидан эса Покистонга қуруқ мевалар, сабзавотлар ва шу каби кўплаб бошқа маҳсулотлар экспорт қилинмоқда. Демак, қишлоқ хўжалиги икки томонлама савдода етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.

Кейинги муҳим йўналиш — фармацевтика соҳаси. Покистонда фармацевтика саноати жуда яхши ривожланган. Кўплаб Покистон компаниялари Ўзбекистонга инвестиция киритиб, дори воситаларини шу ернинг ўзида ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирмоқда. Бу ишлаб чиқариш нафақат Ўзбекистон бозори, балки бутун Марказий Осиё минтақаси эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилиши мумкин. Шунингдек, кўплаб компаниялар сифатли ва нисбатан арзон Покистон фармацевтика маҳсулотларини Ўзбекистон бозорига олиб киришни истамоқда. Ҳозирда икки давлат мутахассислари маҳсулот стандартларини уйғунлаштириш ҳамда ҳуқуқий ва техник тартиб-таомилларни соддалаштириш устида иш олиб бормоқда, шу билан бирга сифат талабларига қатъий риоя этилиши таъминланмоқда. Бу йўналиш бўйича ҳамкорлик жараёни фаол давом этмоқда.

Яна бир муҳим соҳа — тўқимачилик саноати. Сўнгги 75–80 йил давомида Покистонда кучли ва барқарор тўқимачилик тармоғи шаклланган. Бу дегани, мамлакатда малакали мутахассислар, тажрибали менежерлар ва бутун ишлаб чиқариш занжири бўйича катта тажриба мавжуд. Жараён пахта етиштиришдан бошлаб, ип-калава ишлаб чиқариш, тола тозалаш (жинлаш), мато ишлаб чиқариш ва юқори қўшилган қийматга эга тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқичларни қамраб олади. Айнан шу салоҳият икки давлат раҳбарлари учрашуви чоғида ҳам муҳим йўналиш сифатида муҳокама қилинган эди.

Албатта, ҳамкорлик қилиниши мумкин бўлган бошқа соҳалар ҳам мавжуд, бироқ айнан қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва тўқимачилик йўналишлари бугунги кунда энг устувор йўналишлар ҳисобланади.

Транспорт-логистика ва минтақавий боғлиқлик, жумладан, Трансафғон йўлаги лойиҳаси доирасидаги ҳамкорликни қандай стратегик аҳамиятга эга, деб биласиз?

Покистон — қарийб 240 миллион аҳолига эга йирик давлат бўлиб, ҳудуди ҳам катта. Мамлакатда Карачи шаҳрида жойлашган ривожланган ва тўлиқ фаолият юритаётган учта денгиз порти, хусусан, стратегик муҳим бўлган Гвадар порти мавжуд. Покистон портлари Марказий Осиё давлатлари учун денгизга чиқишнинг энг яқин ва иқтисодий жиҳатдан энг мақбул йўлини тақдим этади. Энг қисқа йўл — одатда энг тежамкор ва энг ишончли йўлдир. Шу боис бу йўналиш мавжуд энг самарали транспорт йўлакларидан бири ҳисобланади.

Энди Ўзбекистонга тўхталсак. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марказида жойлашган бўлиб, минтақа аҳолисининг қарийб ярми шу давлат ҳиссасига тўғри келади. Мамлакатда барқарор бошқарув тизими шаклланган ва пухта ўйланган иқтисодий сиёсат юритилмоқда. Покистон таклиф этаётган имкониятлар ва Ўзбекистоннинг минтақавий салоҳияти бирлашганда, бу икки давлатни Араб денгизи билан Марказий Осиёни боғловчи табиий ҳамкорларга айлантиради. Ўзбекистон эса ушбу жараёнда минтақавий логистика маркази вазифасини бажариши мумкин.

Сиз тилга олган Транс-Афғон темир йўли лойиҳасига келсак, ҳозирги шароитда Покистоннинг Карачи портидан Ўзбекистонга юк етказиш ўртача 10–12 кун вақт олади. Мазкур темир йўл лойиҳаси амалга оширилгач эса бу муддат 3–4 кунгача қисқариши мумкин. Бу эса лойиҳа қандай улкан салоҳиятга эга эканини яққол кўрсатади. Шу сабабли ҳам мазкур ташаббус давлат раҳбари томонидан “аср лойиҳаси” ва “келажак авлодлар учун лойиҳа” дея таърифланган.

Бу, шубҳасиз, стратегик аҳамиятга эга бўлган муҳим инфратузилма лойиҳасидир ва айни пайтда икки томон ушбу йўналишда фаол иш олиб бормоқда. Аввал таъкидлаганимдек, ўтган йили Покистон, Ўзбекистон ҳамда Афғонистон ушбу темир йўл лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича келишувни имзолаган эди.

Маданий-гуманитар ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик халқларимиз ўртасидаги ўзаро яқинликни янада мустаҳкамлашда қандай роль ўйнамоқда?

– Маълумки, Покистон ва Ўзбекистонни чуқур тарихий ришталар боғлаб туради. Масалан, Самарқанд тасаввуф алломалари, хусусан, Нақшбандия силсиласи намояндалари, “олтин силсила” анъаналари, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад ал-Хоразмий, Ибн Сино сингари алломалар ҳам умумий илмий ва маданий меросимизга мансубдир. Албатта, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Шу боис Покистон ва Ўзбекистон халқларини жуда чуқур тарихий ва маданий алоқалар бирлаштириб туради.

Маданий алоқаларни қайта тиклаш ҳақида гапирганда, биз янги бир нарсани яратиш ҳақида эмас, балки асрлар давомида шаклланган ришталарни яна жонлантириш ҳақида сўз юритамиз. Масалан, урду ва ўзбек тилларида 4–5 мингга яқин умумий сўзлар мавжуд. Оила қадриятлари, миллий таомлар ва турмуш тарзида ҳам ўхшаш жиҳатлар жуда кўп. Шунча умумийлик мавжуд экан, туризм ва халқлар ўртасидаги алмашинув учун улкан имкониятлар мавжудлиги табиийдир.

Масалан, Ўзбекистонда зиёрат туризми нуқтаи назаридан Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ташриф буюриш катта қизиқиш уйғотади. Ҳудди шунингдек, Покистон ҳам бой тарихий меросга эга. Бу тарих тахминан 7 минг йил аввалги Меҳргарҳ манзилгоҳидан бошланиб, Моҳенжо-даро цивилизацияси, Такҳт-и-Баҳи каби буддавий монастирлар ва бошқа кўплаб тарихий ёдгорликларни ўз ичига олади. Шу боис, Покистон диний туризм, тарихий туризм ҳамда геологик туризм йўналишларида катта салоҳиятга эга. Демак, ҳар икки давлат ҳам бир-бирига таклиф қила оладиган бой мерос ва имкониятларга эга.

Оддий бир мисол: аввал айтганимдек, 2024 йилда битта авиақатнов билан бошланган йўналишлар ҳозир тўрттага етди. Ҳатто рейсларга чипта топиш ҳам осон эмас — бу эса талаб қанчалик юқори эканини кўрсатади. Демак, эришилган натижалар муҳим, бироқ ҳали амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бундан ҳам кўпроқ.

Ўтган йили Бош вазир ташрифи давомида икки томон халқлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, қўшма ҳужжатли фильмлар яратиш, кейинчалик саҳна асарлари ва телесериаллар суратга олиш, ёшлар ўртасида ҳамкорлик ва алмашинув дастурларини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу йўналишда ҳали катта ишлар амалга оширилиши кутилмоқда.

Сизнингча, 2026 йил ва ундан кейинги даврда Ўзбекистон–Покистон стратегик шериклигини янада чуқурлаштириш учун қайси йўналишлар устувор бўлиши керак?

Менимча, барча йўналишлар — савдо-иқтисодий ҳамкорлик, сиёсий алоқалар, халқлар ўртасидаги муносабатлар ва туризм — бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда, ёнма-ён ва ҳамоҳанг ривожланиши керак.

Масалан, бизнес соҳасини олайлик. Ҳам Покистон, ҳам Ўзбекистон учун тадбиркорлик алоқаларини ривожлантириш муҳим вазифа ҳисобланади. Ўтган йили Покистон Бош вазири ташрифи доирасида бизнес-форум ташкил этилган эди. Эндиликда эса Ўзбекистон Президенти Покистонга ташриф буюриши кутилаётган бир пайтда яна шундай бизнес-форум ўтказилиши режалаштирилмоқда. Унда ҳар икки давлатнинг етакчи компаниялари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этиб, ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қиладилар. Бу иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашнинг муҳим йўналишларидан биридир.

Шу билан бирга, маданий алоқаларнинг аҳамиятини ҳам четлаб ўтиб бўлмайди. Чунки барқарор ва узоқ муддатли ҳамкорлик фақат иқтисодий ёки сиёсий омиллар билан эмас, балки халқлар ўртасидаги ўзаро тушуниш ва яқинлик билан ҳам мустаҳкамланади.

Хулоса қилиб айтганда, барча соҳалар бир бутун ҳолда, тизимли ва мувозанатли тарзда ривожлантирилиши лозим. Айнан шундай ёндашув икки томонлама муносабатларнинг ҳар томонлама ва изчил тараққий этишини таъминлайди.

Элчи жаноблари, яқинда Сиз Тошкентда барпо этилган, минтақамизнинг улкан илмий ва маънавий хазинаси бўлиши кутилаётган Ислом цивилизацияси марказида бўлдингиз. Маълумки, Ўзбекистон ва Покистонни умумий исломий қадриятлар, буюк алломаларимизнинг илмий мероси ва асрий маданий ришталар боғлаб туради. Марказга ташрифингиз сизда қандай таассурот қолдирди?

– Аввало шуни таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон ҳукумати жуда улкан ва таҳсинга лойиқ ишни амалга оширган. Ислом цивилизацияси марказида кўраётганларимиз — бу нафақат бир мамлакатнинг, балки бутун мусулмон оламининг умумий меросидир.

Мен тилга олган буюк алломалар мероси, қадимий қўлёзмаларнинг асраб-авайланиши — буларнинг барчаси барчамизга тегишли бўлган бебаҳо бойликдир. Қуръон қўлёзмалари ва бошқа ноёб манбалар ҳам ана шу умумий мероснинг ажралмас қисмидир. Айни пайтда Усмон Қуръони мушафининг ҳам марказда сақланаётгани ушбу масканнинг тарихий ва маънавий аҳамиятини янада оширади.

Буларни нафақат мусулмонлар учун, балки бутун инсоният учун умумий маданий мерос деб аташ мумкин. Шахсан мен ҳам мусулмон сифатида бу мерос билан чуқур боғлиқликни ҳис қиламан ва ўзимни унинг бир қисми деб биламан.

Алоҳида эътиборга лойиқ жиҳат шундаки, Ўзбекистон ушбу марказда сўнгги технологияларни, замонавий дизайн ва тақдимот усулларини тарихий меросни сақлаш ва намойиш этиш билан уйғунлаштира олган. Натижада, тарих замонавий ёндашув билан қайта жонлантирилган. Айниқса ёш авлод учун бу жуда муҳим — улар бу ерга келиб, тарихни нафақат кўришади, балки уни ҳис қилишади, тушунишади ва қадрлашади. Ҳатто биз каби ёши каттароқ инсонларга нисбатан ҳам улар буни янада чуқурроқ англашлари мумкин.

Бу ташаббус ҳақиқатан ҳам тарих ва замонавийликни бирлаштирган жуда ибратли ва узоқни кўзлаган лойиҳа ҳисобланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш