Logo

Ўзбекистон Мумбайдаги йирик OTM-2026 халқаро ярмаркасида ўз туристик салоҳиятини намойиш этмоқда

Февраль 05, 2026. 10:07 • 2 дақ

41
Ўзбекистон Мумбайдаги йирик OTM-2026 халқаро ярмаркасида ўз туристик салоҳиятини намойиш этмоқда

ДЕҲЛИ, 5 февраль. /«Дунё» АА/. Бугун Ҳиндистоннинг молиявий пойтахти — Мумбай шаҳрида энг йирик халқаро туристик кўргазмалардан бири бўлган OTM-2026 (Outbound Travel Market) ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Жорий йилги тадбир Ўзбекистон туристик индустрияси учун тарихий аҳамиятга эга бўлади. Кўргазмада мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси ташкилий кўмагида Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва етакчи миллий туроператорлар вакилларидан иборат йирик делегация иштирок этмоқда.

OTM Жанубий Осиё минтақаси учун асосий кўргазма майдони ҳисобланиб, ҳар йили Ҳиндистон, Бангладеш, Шри-Ланка, Непал, Яқин Шарқ ва Европа давлатларидан минглаб бозор профессионалларини, яъни туроператорлар, турагентликлар, авиакомпаниялар ва ОАВ вакилларини ўзига жалб қилади.

Ушбу кўргазмада иштирок этиш стратегик муҳим ва жадал ривожланаётган чиқиш туризми бозорига тўғридан-тўғри йўл очади.

Ўзбекистоннинг ярмаркадаги иштироки, шунингдек, алоҳида стратегик аҳамият касб этади. Жанубий Осиё бозорига чиқиш мамлакатимизнинг кўп қиррали туристик маҳсулотларини (маданий-тарихий, гастрономик, экотуризм, MICE ва бошқалар) Ҳиндистон ва минтақа бозорининг асосий иштирокчиларига бевосита тақдим этиш имконини беради.

Икки томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида жадал ривожланаётган туристик мулоқотнинг мантиқий давоми бўлади.

Ушбу ҳамкорликнинг яққол натижаси сифатида сайёҳлар оқимининг ўсишини таъкидлаш жоиз. 2025 йилда Ўзбекистонга қарийб 80 минг нафар ҳиндистонлик сайёҳ ташриф буюрди, бу аввалги йилга нисбатан 15 фоизга кўпдир.

Ушбу ижобий динамикага таяниб, мамлакатимиз туристик соҳаси 2026 йилда Ҳиндистондан 100 минг нафар сайёҳни қабул қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. OTM-2026 кўргазмасидаги иштирок ушбу мақсадга эришиш йўлидаги муҳим амалий қадамдир.

Ярмарка, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жанубий осиёлик саёҳатчилар учун меҳмондўст ва замонавий йўналиш сифатидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон миллий стендида иштирокчилар янги йўналишлар, маданий дастурлар, виза тартибларининг соддалаштирилгани ва транспорт имкониятлари ҳақидаги маълумотлар олиш имкониятига эга бўлади. Дастур доирасида мустаҳкам шериклик алоқаларини ўрнатишга қаратилган B2B шаклидаги учрашувлар, тақдимотлар ва маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Халқаро ярмарка 7 февраль куни якунланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш