Саудия Арабистонида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тақдим этилди
Сентябрь 15, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 108АР-РИЁЗ, 15 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони туризм соҳаси вакиллари, жумладан, икки мамлакат туроператорлари иштирок этди.
Қатнашчиларга Ўзбекистоннинг туристик имкониятлари, асосий ва сайёҳлик йўналишлари, шунингдек, икки мамлакат компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Тақдимот давомида Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросига алоҳида эътибор қаратилди. Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларининг туристик имкониятлари, шунингдек, зиёрат, маданий, гастрономик, экологик ва оилавий туризмни ривожлантириш салоҳияти намойиш этилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони туризм бизнеси вакиллари ўртасида икки томонлама B2B учрашувлар бўлиб ўтди. Музокаралар давомида томонлар қўшма туристик маҳсулотларни шакллантириш, сайёҳлик гуруҳларини ташкил этиш, Саудия Арабистони бозорида Ўзбекистоннинг туристик йўналишларини тарғиб қилиш ҳамда туроператорлар ўртасида бевосита ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Иштирокчилар, шунингдек, саудиялик сайёҳларнинг талаб юқори бўлган йўналишлари ва афзалликлари ҳақида маълумот алмашишди, сафарларни ташкил этиш, туристик хизмат кўрсатиш ҳамда Ўзбекистонни Саудия Арабистонидан келувчи саёҳатчилар учун жозибадор йўналиш сифатида янада тарғиб қилиш масалаларини кўриб чиқдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




