Ўзбекистон - Эстония олий ўқув юртлари иқлим ва экология соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Сентябрь 15, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 20
РИГА, 15 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари томонидан Эстония табиий фанлар университети ректори Юлле Яакма ҳамда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) вакиллари иштирокида видеоконференция ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокараларда иқлим ўзгариши ва экология соҳасидаги тадқиқот ишларининг жорий ҳолати, ҳамкорлик имкониятлари ва истиқболли тенденциялар муҳокама қилинди.
Мулоқоқт давомида “Green University” лойиҳаси Ўзбекистонда таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, хорижий олий ўқув юртлари билан алоқаларни ривожлантириш ва чет эллик талабалар оқимини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатларнинг узвий давоми эканини алоҳида таъкидланди.
Эстон томон Green University билан ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдириб, талаба-профессорлар алмашинуви, иқлим ўзгариши ва айланма иқтисодиёт соҳасида қўшма тадқиқот гуруҳлари ташкил этиш, ҳамда, ЮНЕСКО кафедраси маълумотлар базасини шакллантириш бўйича ўз тажрибаси билан бўлишишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида олийгоҳлар ўртасида ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиш мақсадида сентябрь ойида кенг доирадаги онлайн вебинар ташкил этишга келишилди.
Эстония табиий фанлар университети - қишлоқ хўжалиги, ўрмончилик, атроф-муҳит ва ветеринария соҳаларига ихтисослашган, йирик олий таълим муассасаларидан бири. Университет ҚС рейтингида қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилик йўналиши бўйича дунёда 43-ўринни, ўсимликшунослик ва экология тадқиқотлари бўйича эса энг кўп иқтибос келтирилган илмий муассасалар қаторидан жой эгаллаган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси