Ўзбекистон ва Оксфорд университетлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Сентябрь 22, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 70ЛОНДОН, 22 сентябрь. /“Дунё” АА/. Навоий давлат кон-технология университети ректори Бахтиёр Мардонов бошчилигидаги делегациянинг Буюк Британияга ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган хизмат сафарида таълим, фан ва инновациялар соҳаларида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган музокаралар бўлиб ўтди.
Ташриф доирасида Буюк Британиянинг Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича савдо вакили, лорд Жон Олдердайс, Оксфорд университети профессори Ник Ханкинс ҳамда университетнинг “Birsöz” ташаббуси директори Лейла Нажафзода билан учрашувлар ўтказилди.
Мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонасида бўлиб ўтган учрашувда кончилик соҳасида академик ва тижорий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикр-мулоҳаза алмашилди.
Ўзбекистон вакиллари сафар давомида Оксфорд университети фаолияти билан яқиндан танишиб, замонавий таълим методикалари ва илмий-тадқиқот инфратузилмаси бўйича илғор тажрибани ўрганди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида кончилик ва технологик таълим йўналишларида ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини йўлга қўйиш ҳамда академик алмашинувни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ташрифнинг муҳим натижаларидан бири Оксфорд университети ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ўртасида ўзаро англашув меморандумининг имзоланиши бўлди.
Меморандум доирасида замонавий таълим дастурларини жорий этиш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, инновацион технологияларни таълим ва ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиш, академик алмашинув дастурларини ривожлантириш кўзда тутилган.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида сунъий интеллект, материалшунослик, машинасозлик, механика муҳандислиги ва ресурстежамкор инновацион технологиялар белгиланди.
Мазкур келишув асосида эндиликда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети талабаларини Оксфорд университетида қисқа муддатли ўқув курслари ва стажировка дастурларига юбориш имкониятлари ишлаб чиқилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

