Ўзбекистонлик талабалар Лондондаги нуфузли банк фаолияти билан танишди
Июнь 21, 2026. 13:30 • 2 дақ
• 90ЛОНДОН, 21 июнь /“Дунё” АА/. Буюк Британияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг билимини ошириш, уларни халқаро меҳнат бозори талаблари билан яқиндан таништириш мақсадида учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“ICBC Standard Bank” бош қароргоҳида ўтказилган тадбир мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонаси ташаббуси билан ўтказилди. Тадбирда Буюк Британиядаги “Ўзбекистон талабалари уюшмаси”нинг турли университетларда таҳсил олаётган бир гуруҳ талабалари иштирок этди.
Банкнинг масъул ходимлари ёшларни “ICBC Standard Bank”нинг молия бозоридаги ўрни, асосий фаолият йўналишлари ва ривожланиш стратегияси билан таништирди. Банкнинг Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатлари билан амалга ошираётган ҳамкорлик лойиҳалари, инвестиция ва молиялаштириш дастурлари ҳақида маълумот берилди. Бу талабаларга халқаро молия муассасаларининг иқтисодий жараёнлардаги ўрнини яхшироқ англаш имконини яратди.
Мутахассислар халқаро молия муассасаларида муваффақиятли фаолият юритиш учун зарур бўлган билим ва кўникмалар, номзодларга қўйиладиган талаблар, амалиёт ўташ дастурлари ҳамда карьера имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, меҳнат бозорида рақобатбардош кадр бўлиш учун талабалар ўз устида доимий ишлаши, замонавий технологиялар ва чет тилларини чуқур ўзлаштириши муҳимлиги таъкидланди.
Тадбир давомида иштирокчилар банк тизими, молиявий хизматлар, инвестиция фаолияти ва фонд бозорларининг ишлаш механизмлари ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлди. Банк вакиллари молия соҳасидаги сўнгги тенденциялар, рақамли технологияларнинг аҳамияти ҳамда глобал иқтисодиётда юз бераётган ўзгаришлар ҳақида ҳам фикр билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

