Наманган ва Деҳли олий ўқув юртларини "Маданий-маърифий кўприк" боғлайди

Ноябрь 01, 2026. 10:59 • 2 дақ

• 192
Наманган ва Деҳли олий ўқув юртларини "Маданий-маърифий кўприк" боғлайди
Наманган ва Деҳли олий ўқув юртларини "Маданий-маърифий кўприк" боғлайди

ДЕҲЛИ, 1 ноябрь. /“Дунё” АА/. Наманган давлат педагогика институти ва Жаваҳарлал Неру университети (JNU) олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик меморандумини имзолади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ҳужжатни имзолаш Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги академик алоқаларни ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди. Жаваҳарлал Неру университети халқаро TOP-1000 рейтинглари қаторидан жой олган нуфузли олийгоҳ ҳисобланади.

Шартнома қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, педагогика ва таълим соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, икки мамлакат маданий меросини кенг тарғиб қилишни назарда тутади.

Академик алмашинув ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бирига айланади. Талабалар алмашинувини ташкил этиш, ҳиндистонлик ёшларни Наманган давлат педагогика институтининг ёзги мактабларига жалб қилиш ҳамда ўқитувчилар учун малака ошириш дастурларини ўтказиш режалаштирилган.

Шунингдек ўқинг

Бундан ташқари, ўзбек томони Жаваҳарлал Неру университетида “Ўзбек тили ва адабиёти” йўналиши бўйича қўшма таълим дастурини очишни таклиф қилди.

Шериклик маданий-гуманитар соҳани ҳам қамраб олади. Санъат, фан ва таълим соҳасидаги талабалар ҳамда мутахассислар алмашинуви, кўргазмалар, концертлар, маҳорат дарслари ва фестиваллар ўтказиш, шунингдек, ўзбек миллий санъатини Ҳиндистонда кенг тарғиб қилиш кўзда тутилган.

Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги таълим, илмий ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, университетлар ҳамда ижодий жамоалар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришга қаратилган “Маданий-маърифий кўприк” лойиҳаси ҳам алоҳида йўналиш сифатида амалга оширилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш