БМТ: Дунёда 117 миллиондан ортиқ инсон мажбурий кўчирилган шахслар тоифасида қолмоқда
Сентябрь 27, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 53
НЬЮ-ЙОРК, 27 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ер юзида 117 миллиондан ортиқ инсон можаролар, зўравонлик, таъқиблар ва хавфсизлик таҳдидлари туфайли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири БМТнинг расмий янгиликлар хизматига таяниб.
Бу ҳақда БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссари Барҳам Солиҳ Нью-Йорк шаҳрида Хавфсизлик Кенгашининг мажлисида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, дунёда можаролар сони мунтазам ошиб бормоқда, уларнинг кўпчилиги узоқ давом этувчи тус олмоқда ва бу муаммоларни бартараф этиш учун сиёсий ечимлар кўпинча топилмаяпти.
Барҳам Солиҳ дастлаб вақтинчалик деб ҳисобланган мажбурий кўчиш миллионлаб инсонлар учун йиллар давомида, баъзи ҳолларда эса ҳатто бир неча авлодлар алмашишигача чўзилиб кетаётганини қайд этди.
Олий комиссар мажбурий кўчиш муаммоси фақатгина гуманитар масала доирасида чекланиб қолмасдан, бутун халқаро тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солишини алоҳида таъкидлади.
"Reuters" агентлиги сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси