Саида Мирзиёева: Ўзбекистоннинг глобал савдо тизимига қўшилиши ҳал қилувчи паллага кирди

Сентябрь 25, 2026. 12:00 • 2 дақ

• 139
Саида Мирзиёева: Ўзбекистоннинг глобал савдо тизимига қўшилиши ҳал қилувчи паллага кирди

ТОШКЕНТ, 25 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Нью-Йоркда Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашиб, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини муҳокама қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашдик, – деб ёзди Саида Мирзиёева ўзининг telegram-каналида. – Мулоқот давомида Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиш жараёни қандай кетаётганини ҳамда олдимизда турган якуний вазифаларни муҳокама қилдик.

Бизни доимий қўллаб-қувватлаб, экспертлик кўмагини бераётган қадрли Оконжо-Ивеала хонимга миннатдорлик билдираман. Бу йўлнинг катта қисмини босиб ўтдик, бундан кейин шаҳдимизни сусайтирмасдан, бошланган ишни ниҳоясига етказишимиз жуда муҳим”.

Шунингдек ўқинг

Учрашувда таъкидланганидек, сўнгги йиллардаги тизимли саъй-ҳаракатлар натижасида ташкилотга аъзо деярли барча давлатлар билан музокаралар муваффақиятли якунланди ва жараён муҳим маррага яқинлашди.

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш Ўзбекистон маҳсулотлари учун ташқи бозорлардаги тўсиқларни бартараф этади ҳамда миллий экспортчиларимиз учун тенг ва адолатли шароитлар яратади.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши миллий иқтисодиётни глобал савдо тизими билан боғлайди ва мамлакатимиз манфаатларининг жаҳон бозорида мустаҳкам ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш