Наркотаҳдидларга қарши курашиш бўйича 2027 йил учун “Йўл харитаси” тасдиқланди
Сентябрь 27, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 80ОЛМАОТА, 27 сентябрь. /“Дунё” АА/. Марказий Осиё минтақавий ахборот мувофиқлаштириш маркази (МОМАММ)нинг Олмаота шаҳридаги штаб-квартирасида марказга аъзо давлатлар миллий координаторлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Йиғилишда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари вакиллари, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, ЕХҲТ ҳамда АҚШнинг Қозоғистондаги элчихонаси вакиллари иштирок этди.
Иштирокчилар ахборот алмашиш ва тезкор ҳамкорликни такомиллаштириш, МОМАММ салоҳиятини мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқди.
Янги наркотаҳдидлар, жумладан, синтетик гиёҳвандлик воситалари ва янги психоактив моддаларнинг тарқалиши, яширин лабораториялар фаолияти, прекурсорларнинг ноқонуний айланмаси ҳамда наркожиноятчиликда рақамли технологиялар ва интернет ресурсларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.
Асосий қарорлардан бири сунъий интеллектни қўллаш ва кибермаконни мониторинг қилиш орқали наркотаҳдидлар ҳақида барвақт огоҳлантиришнинг ягона давлатлараро тизимини яратиш концепциясини маъқуллаш бўлди.
Шунингдек, МОМАММнинг 2027 йилга мўлжалланган бюджети келишиб олинди ва марказ фаолиятини ўз вақтида молиялаштириш чоралари белгиланди.
Томонлар МОМАММнинг моддий-техник ва кадрлар базасини мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва марказни ташкил этиш тўғрисидаги битимга янги давлатларнинг қўшилиши имкониятларини муҳокама қилди.
Йиғилиш якунлари бўйича МОМАММ фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг 2027 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




