Покистон етакчи компанияси Наманганда замонавий тўқимачилик кластерини ташкил этади

Июнь 20, 2026. 10:30 • 2 дақ

98
Покистон етакчи компанияси Наманганда замонавий тўқимачилик кластерини ташкил этади

 ИСЛОМОБОД, 20 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Покистоннинг “Diamond Group of Industries” компанияси директори Aқиб Насирнинг Ўзбекистонга амалий сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф давомида покистонлик тадбиркор Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Рухулло Зикриллаев билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида Ўзбекистоннинг тўқимачилик ва енгил саноат тармоқларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестицион жозибадорликни ошириш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилинди.

Наманган вилоятидаги эркин иқтисодий зона ҳудудида замонавий тўқимачилик кластерини ташкил этиш бўйича инвестиция ташаббусини амалга ошириш муҳокамаларнинг асосий мавзуси бўлди. Лойиҳанинг асосий йўналишлари сифатида пахта толасини чуқур қайта ишлаш, ип-калава, газлама ҳамда тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни қамраб олувчи тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини яратиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, лойиҳага илғор технологияларни жалб этиш, янги иш ўринларини яратиш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш ҳажмини ошириш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

«Компаниямиз тўқимачилик, уй-рўзғор ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича катта тажрибага эга. Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш ва Наманган вилоятида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тайёрмиз», – деди компания директори Aқиб Насир

Бўлиб ўтган учрашув якунида лойиҳа бўйича техник ва иқтисодий жиҳатларни қўшимча ўрганиш, ишчи мулоқотларни давом эттириш ҳамда ҳамкорликнинг амалий механизмларини ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш