Ўзбекистон ва Венгрия солиқ идоралари ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди

Июнь 20, 2026. 10:00 • 2 дақ

59
Ўзбекистон ва Венгрия солиқ идоралари ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди

 БУДАПЕШТ, 20 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Солиқ қўмитаси вакиллари ҳамда Венгрия Миллий солиқ ва божхона маъмурияти раҳбарияти ўртасида икки томонлама мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбат чоғида томонлар икки томонлама шерикликни янада ривожлантириш ҳамда Европа солиқ маъмуриятлари ташкилоти (IOTA) доирасидаги алоқаларни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.

Венгрия томони Ўзбекистоннинг халқаро солиқ ҳамжамиятига интеграциялашувини чуқурлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди ҳамда солиқ маъмуриятчилигини модернизация қилишнинг устувор йўналишлари бўйича тажриба алмашишга тайёрлигини таъкидлади.

Учрашувда солиқ органларини рақамли трансформация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. NTCA вакиллари Венгриянинг онлайн ҳисоб-фактуралар тизимини жорий этиш, қўшилган қиймат солиғи бўйича декларацияларни олдиндан тўлдириш механизми, хавф-хатарларни таҳлил қилиш ҳамда солиқ назорати самарадорлигини ошириш жараёнларида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича амалий тажрибасини тақдим этди.

Музокаралар жараёнида томонлар солиқ жараёнларини рақамлаштириш бўйича экспертлар даражасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, икки мамлакат соҳа мутахассислари ўртасида мавзули маслаҳатлашувлар ўтказиш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Шу билан бирга, Будапештдаги Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Кўп томонлама солиқ маркази таълим дастурларида Ўзбекистон вакилларининг иштирокини кенгайтириш имкониятларини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш