Покистон компанияси Қорақалпоғистонда чорвачилик мажмуасини ташкил этишни режалаштирмоқда
Май 15, 2026. 09:25 • 3 дақ
• 109ИСЛОМОБОД, 15 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов ҳамда Покистоннинг “Habib Rafiq Pvt. Ltd” бош ижрочи директори Муҳаммад Аслам Малик иштирокида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда шунингдек, Покистоннинг чорвачилик соҳасига ихтисослашган “SK Livestock” компанияси ва Мултон қишлоқ хўжалиги университети мутахассислари ҳам қатнашди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, аграр таълим, IT ҳамда телекоммуникация соҳаларида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Қорақалпоғистон томони ҳудуднинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказди. Унда мавжуд ер майдонлари, сув ресурслари, нисбатан арзон электр энергияси, меҳнат ресурслари ҳамда агросаноат соҳасидаги имкониятлар эътиборга олинган ҳолда йирик аграр ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг шароитлар мавжудлиги қайд этилди.
Покистон томони чорвачилик соҳасида гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий чорвачилик комплексини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Лойиҳа доирасида Покистондан зотдор чорва молларини етказиб бериш, уларни маҳаллий иқлим шароитида кўпайтириш, гўшт ва сут маҳсулотлари сифатини ошириш ҳамда фермер хўжаликларини замонавий ем-хашак билан таъминлаш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Раиси ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, ҳудудга 40 минг бошдан ортиқ чорва молларини жалб этишга қизиқиш билдирди.
Шунингдек, чорвачилик комплекси билан бир қаторда ем-хашак етиштириш лойиҳасини амалга ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу ташаббус маҳаллий фермер хўжаликларини сифатли ем маҳсулотлари билан таъминлаш, чорва маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ички бозорда барқарор таъминотни йўлга қўйишга хизмат қилиши таъкидланди.
Бундан ташқари, картошка етиштириш соҳасида Покистон тажрибасини Қорақалпоғистонда жорий этиш ҳамда аграр таълим ва кадрлар тайёрлаш йўналишида қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Мултон қишлоқ хўжалиги университети мутахассислари Қорақалпоғистондаги олий таълим муассасалари, жумладан Қорақалпоқ давлат университети билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга тайёр эканликларини билдирди.
IT ва телекоммуникация инфратузилмаси соҳасида “HRL Group” томонидан Хўжайли тумани ва Нукус шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилаётган “ақлли шаҳар” лойиҳалари доирасида ягона инфратузилма коридори концепциясини жорий этиш таклифи илгари сурилди.
Ушбу концепцияга мувофиқ, сув таъминоти, канализация, электр энергияси, телекоммуникация ва интернет тармоқлари шаҳарсозлик жараёнларида ягона инфратузилма коридори орқали жойлаштирилиши назарда тутилмоқда. Бу муҳандислик-коммуникация тизимларини самарали бошқариш ва хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади.
Музокаралар якунида томонлар амалий ҳамкорликни бошлаш мақсадида Қорақалпоғистон вакилларининг Покистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Ўзбекистон элчихонасида Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари билан музокаралар ўтказилди

Ўзбекистон ва БАА ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича музокара ўтказилди





