Намангандаги Халқаро гуллар фестивали Янги Ўзбекистоннинг туризм брендига айланмоқда
Май 15, 2026. 10:55 • 2 дақ
• 73
ВАРШАВА, 15 май. /“Дунё” АА/. Польшанинг таълим ва туризмга ихтисослашган “Turystyka student news” порталида Наманган шаҳрида ўтказиладиган Халқаро гуллар фестивалига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Наманган шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро гуллар фестивали шу йил 24 майдан 12 июлгача давом этади. Фестиваль муносабати билан шаҳарда қарийб 5 миллион мавсумий гул кўчатлари экилиб, шаҳарга байрамона қиёфа берилди.
Фестивалнинг тантанали очилиш маросими 24 май куни Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказилади. Шу куни шаҳар кўчаларида гуллар билан безатилган автомобиллар карвони юриши, ранг-баранг парадлар ва турли маданий чиқишлар ташкил этилади. Кечқурун “Янги Ўзбекистон” боғида маҳаллий ва хорижий санъаткорлар иштирокида катта концерт дастури намойиш этилади.
Гуллар байрами давомида ҳар куни театр томошалари, болалар учун қўғирчоқ спектакллари, ҳунармандчилик ярмаркалари, маҳорат дарслари ва концертлар ўтказилиши режалаштирилган. Май ойи охири ва июнь бошида симфоник концертлар, ретро мусиқа кечалари, мода намойишлари, лаванда фестивали ҳамда машҳур хонандалар иштирокида концерт бўлиб ўтади. Шунингдек, 1 июнь куни дронлар шоуси ҳам ташкил этилади.
Порталда таъкидланишича, фестиваль давомида спорт мухлислари учун мотокросс мусобақалари, миллий кураш беллашувлари ва бошқа халқаро спорт турнирлари ўтказилади. Биохилма-хиллик, сунъий интеллект, туризм ва иқтисодиётга бағишланган халқаро конференциялар ҳам бўлиб ўтади.
Тадбир доирасида гастрономик фестиваллар, ёшлар экология акциялари, танловлар ва болалар учун махсус дастурлар ҳам ташкил этилиши белгиланган. Фестиваль 12 июль куни “Янги Ўзбекистон” боғидаги тақдирлаш маросими билан якунланади.
Бу йилги фестивалнинг энг муҳим воқеаларидан бири унинг Гиннесс рекордлар китобига киритилиши бўлиши мумкин. Айни пайтда бир ой ичида энг кўп гул экиш бўйича жаҳон рекордини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Фестиваль нафақат Марказий Осиё давлатлари, балки Туркия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Германия, Италия, Польша каби мамлакатлардан келувчи сайёҳлар орасида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

“Eurasia Magazine”: ТДТ саммитлари орқали шериклик алоқалари тобора мустаҳкамланмоқда

“Daily Independent”: Ўзбекистон ТДТ доирасида транспорт ва транзит йўналишидаги ташаббусларни илгари сурмоқда


