Покистоннинг нуфузли компаниялари билан инвестиция лойиҳалари бўйича келишувга эришилди
Май 05, 2026. 22:50 • 3 дақ
• 337КАРАЧИ, 5 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев ва Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бошчилигидаги делегация Карачида қатор нуфузли компаниялар раҳбарлари билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Yunus Brothers Group” компанияси раиси Муҳаммад Соҳайл Табба билан бўлиб ўтган учрашувда Навоий вилояти ва Покистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, мавжуд сиёсий ишончни аниқ саноат лойиҳаларига айлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар ўртасида тўқимачилик саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, кимё ва полимер маҳсулотлари, энергетика, шунингдек, автомобиль бутловчи қисмлари каби устувор йўналишларда Навоий вилояти ҳудудида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Томонлар Навоий вилоятининг бой хомашё базаси, ривожланган саноат инфратузилмаси ҳамда қулай логистика имкониятлари “Yunus Brothers Group” каби йирик саноат гуруҳлари учун кенг имконият яратишини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, компания мутахассисларининг Навоий вилоятига ташрифини ташкил этиш ҳамда шу йили дастлабки лойиҳани ишга тушириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.
“Diners Group” компанияси раиси Суҳаил Мотен билан бўлиб ўтган мулоқотда Навоий вилоятида тикув-трикотаж кластерларини ташкил этиш, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, экспортга йўналтирилган қўшма корхоналар очиш бўйича илғор тажрибаларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу компания билан йўлга қўйиладиган ҳамкорлик Навоий вилояти учун янги иш ўринларини яратиш, енгил саноатни жадал ривожлантириш, экспорт ҳажмини ошириш ва тайёр маҳсулотлар улушини кўпайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Покистоннинг етакчи саноат гуруҳларидан бири “Engro Corporation” президенти ва бош ижрочи директори Аҳсан Зафар Сайёд билан музокараларда Ўзбекистон–Покистон ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш, Навоийда йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди.
Навоий вилоятининг бой минерал-хомашё базаси, ривожланган инфратузилмаси ва қулай логистикаси компания учун стратегик аҳамиятга эга экани таъкидланди. Ўғит ва агрокимё маҳсулотлари, полимер ва кимё саноати, агросервис ҳамда замонавий энергетика йўналишларида ҳамкорлик қилиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Учрашув якунида қўшма лойиҳалар портфелини шакллантириш, пилот лойиҳаларни бошлаш ва компания мутахассисларининг Навоий вилоятига ташрифини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари “Rajby Industries” компанияси фаолияти билан ҳам танишди. Компания бош ижрочи директори Масъуд Нақий билан суҳбатда жинси мато ва тайёр кийим ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик муносабатлари муҳокама қилинди. Асосий эътибор Навоийда жинси маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва экспортбоп қўшма корхоналар ташкил этиш масалаларига қаратилди.
Покистоннинг йирик компаниялари билан амалга оширилиши белгиланган бундай чора-тадбирлар Навоий вилоятининг инвестицион жозибадорлигини ошириш, саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси






