Logo

АҚШ ва Эрон тез орада урушни тўхтатиш бўйича келишувга эришиши мумкин

Май 07, 2026. 12:25 • 2 дақ

286
АҚШ ва Эрон тез орада урушни тўхтатиш бўйича келишувга эришиши мумкин

ВАШИНГТОН, 7 май /“Дунё” АА/. Оқ уйда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Президент Дональд Трамп АҚШ Эрон билан “жуда яхши” музокаралар олиб борганини ва можаро тез орада якунланиши мумкинлигини айтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Ҳозир бизда ҳаммаси яхши кетяпти ва биз олишимиз керак бўлган нарсани олишимиз керак. Агар биз буни қилмасак, олдинга катта қадам ташлашимизга тўғри келади. Лекин шу билан бирга, улар келишув тузишни хоҳлашади”, деди Оқ уй раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Теҳрон Вашингтоннинг асосий талаби – ядро қуролини ишлаб чиқишдан воз кечишга рози бўлган. Бироқ Эрон ҳукумати ҳозирча АҚШ президентининг баёнотига ҳеч қандай изоҳ бермади.

Эроннинг “ISNA” ахборот агентлиги таъкидлашича, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Теҳрон ўз жавобини тақдим этишини айтган. Эрон парламенти Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат қўмитаси вакили Иброҳим Ризоий эса бу таклифни “реалликдан кўра кўпроқ америкаликлар истаклари рўйхати” деб таърифлади.

Шу билан бирга, музокараларда иштирок этаётган покистонлик вакил “Reuters” агентлигига томонлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича келишувга яқин эканини билдирган. “Урушни тўхтатиш бўйича келишувга тез орада эришилиши мумкин”, деди Покистон манбаси.

Худди шундай маълумотни Американинг “Axios” янгиликлар портали ҳам тасдиқлади. Ушбу маълумотларга кўра, махсус вакил Стивен Уиткофф ва АҚШ президентининг куёви Жаред Кушнер Эрон томони билан 14 банддан иборат меморандум бўйича тўғридан-тўғри ва воситачилар орқали музокаралар олиб бормоқда.

Қайд этилишича, ҳужжат батафсил келишувни ишлаб чиқиш учун 30 кун ичида музокаралар ўтказишни назарда тутади. Бу даврда Эрон томонидан Ҳурмуз бўғозидаги кемалар блокадаси, шунингдек, Эрон портларининг Америка блокадаси босқичма-босқич олиб ташланиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, АҚШ Эроннинг уранни бойитишга мораторийга рози бўлишини, Вашингтон эса санкцияларни бекор қилиб, музлатилган Эроннинг миллиардлаб долларлик активларини блокдан чиқаришни кутмоқда.

“Агар бу музокаралар муваффақиятсизликка учраса, АҚШ блокадани ёки ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаши мумкин”, деб огоҳлантиради “Axios” америкалик ҳарбий амалдорга таяниб. Нашрда айтилишича, Вашингтон Эрондан 48 соат ичида жавоб кутмоқда.

“AFP” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш