Ўзбекистон ва Германия 40 га яқин йирик қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқда
Апрель 29, 2026. 09:55 • 2 дақ
• 323
ТОШКЕНТ, 29 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акрам Алиев ва Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси ижрочи директори Михаэль Хармс икки давлат ўртасидаги инвестиция лойиҳаларининг жорий ҳолати бўйича онлайн музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) маълумотига кўра, томонлар 40 га яқин йирик лойиҳанинг ижро этилиш жараёнини атрофлича кўриб чиқдилар.
Музокаралар қўшма ташаббусларнинг амалга оширилиш босқичларини кузатиб бориш ва мунтазам таҳлил қилиш тизими бўлган “German Investment Navigator” платформаси доирасида бўлиб ўтди.
Платформа механизмлари ёрдамида лойиҳаларнинг жорий ҳолати ва юзага келаётган масалалар ўрганилиб, белгиланган муддатларга риоя этиш ҳамда жараёнларни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу учрашув Ўзбекистон-Германия ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги мажлисига тайёргарлик кўриш ҳамда бизнес вакиллари ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. Ҳамкорлар ўзаро алоқаларни кенгайтириш ва янги истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси