Покистон ОАВ: Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлиги тобора амалий иқтисодий мазмун касб этмоқда

Июнь 05, 2026. 17:55 • 3 дақ

48
Покистон ОАВ: Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлиги тобора амалий иқтисодий мазмун касб этмоқда
Покистон ОАВ: Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлиги тобора амалий иқтисодий мазмун касб этмоқда
Покистон ОАВ: Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлиги тобора амалий иқтисодий мазмун касб этмоқда

ИСЛОМОБОД, 5 июнь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Daily Independent” газетаси, “The World News”, “The Gulf Observer” ва “Infora News” каби оммабоп нашрларида “Термиз мулоқоти” Жанубий Осиё билан иқтисодий интеграция йўналишини белгиламоқда» cарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг етакчи эксперти Зиёда Ризаева қаламига мансуб мақолада ёзилганидек, Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликнинг энг фаол марказларидан бири сифатида ўз мавқеини изчил мустаҳкамлаб бормоқда. Жаҳон савдо архитектурасининг ўзгариши, ишлаб чиқариш занжирларининг қайта шаклланиши ва минтақавий бозорлар ролининг ортиши Жанубий Осиё йўналишининг аҳамиятини янада кучайтирмоқда.

“Бундай шароитда Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлиги тобора амалий иқтисодий мазмун касб этмоқда, – деган муаллиф. –Бугунги кунда Ўзбекистон минтақа давлатлари орасида Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни энг фаол ривожлантираётган давлатлардан бири ҳисобланади”.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон билан Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми 9 йил давомида (2016–2025 йиллар) 3,2 баробарга ошиб, 3,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг мазкур минтақага экспорти 3 баробарга (2 миллиард доллар), импорти эса 4,1 баробарга (1,5 миллиард доллар) ўсди.

“Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдо ҳажми бўйича Покистон 445,9 миллион доллар ёки 12,7 фоиз улуш билан учинчи ўринни эгаллайди. 2025 йилда Ўзбекистоннинг Покистонга экспорти таркибига 260,2 миллион долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 21,2 миллион долларлик саноат маҳсулотлари, 30,1 миллион долларлик хизматлар ҳамда 13,2 миллион долларлик ноозиқ-овқат хом ашёси кирди. 2025 йилда Покистондан импорт таркибига 56,2 миллион долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 45,3 миллион долларлик кимё маҳсулотлари, 6,4 миллион долларлик саноат маҳсулотлари, шунингдек 5,2 миллион долларлик турли тайёр маҳсулотлар кирди”, – деб маълум қилинган манбаларда.

Шунингдек ўқинг

Нашрларда Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлигини ривожлантиришда Термиз алоҳида ўрин тутиши қайд этилган. Марказий ва Жанубий Осиё чорраҳасида жойлашган ушбу шаҳар икки минтақани боғловчи савдо, инвестиция ва гуманитар марказ вазифасини бажармоқда.

“Аслида, Термиз Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик марказларидан бирига айланмоқда. Савдо инфратузилмаси, логистика, гуманитар лойиҳалар ва ишбилармонлик фаолиятининг ривожланиши икки минтақа ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кенгайтириб, Ўзбекистоннинг минтақалараро ҳамкорликни илгари суришдаги ролини кучайтирмоқда”, – дея таъкидланган материалларда.

Шунингдек, мақолаларда “Термиз мулоқоти” Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг узоқ муддатли манфаатларини мувофиқлаштиришга хизмат қилувчи доимий мулоқот майдони аҳамиятини касб этаётгани алоҳида урғуланган. Келгуси форум савдо, инвестициялар, озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ресурслари ва барқарор ривожланиш соҳаларида қўшма ташаббусларни илгари суриш учун янги имкониятлар яратиши юксак баҳоланган.

“Шу билан бирга, мулоқотнинг мунтазам формати прагматик ҳамкорлик, иқтисодий ўзаро боғлиқлик ва икки минтақа ўртасидаги амалий ҳамкорлик механизмларини кенгайтиришга асосланган янада барқарор минтақалараро ҳамкорлик моделини шакллантиришга хизмат қилади”, – деб ёзган Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш