Покистон ОАВ: Ўзбекистоннинг Ташқи сиёсат фаолияти концепцияси янгиланади
Январ 16, 2026. 12:29 • 3 дақ
• 77ИСЛОМОБОД, 16 январь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The Gulf Observer” ва “The World News” электрон нашрларида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишига оид мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрларда таъкидланганидек, йиғилиш аввалида давлат раҳбари мазкур учрашув жаҳонда кескин геосиёсий ўзгаришлар бўлаётган, давлатлар суверенитетига хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётган мураккаб бир пайтда ўтаётганини қайд этди. Бундай шароитда ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятни танқидий муҳокама қилиб, Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар ишини янгича ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Президенти ташқи сиёсат борасида 2025 йил кўп жиҳатдан натижадор бўлганини қайд этди. Ўтган йили 26 та хорижий давлатга олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди, янги тарихимизда илк бор қатор давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифлари ташкил этилди. “Марказий Осиё плюс” форматидаги кўп томонлама мулоқотлар сермаҳсул бўлди. Сўнгги йилларда 11 та давлат билан стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 19 тага етди, Қозоғистон, Озарбайжон ва Тожикистон билан иттифоқчилик муносабатлари йўлга қўйилди.
“Очиқ, прагматик, пухта ўйланган ва ташаббускор ташқи сиёсатимиз натижасида Ўзбекистон глобал тинчлик ва дипломатия марказларидан бирига айланиб бормоқда”, – дея Ўзбекистон Президенти фикрларидан иқтибос келтирилган мақолаларда.
Маълум қилинишича, 2017 йилдан буён хорижий давлатларда 16 та янги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари очилиб, уларнинг сони 60 тага, дипломатик алоқа ўрнатилган давлатлар сони эса 165 тага етди. Элчихоналар, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналар штатлари ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг иш ҳақи оширилгани қайд этилди.
Шу билан бирга, “Барча дипломатик ваколатхоналар мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланяптими?” деган масала ўртага қўйилди, деб таъкидланган материалда.
“Ўзбекистон етакчиси ҳозирги шароитда элчи дегани фақат сиёсий мулоқот юритувчи шахс эмаслигини, элчи – инвестиция ва технология олиб келадиган, янги экспорт бозорларини очадиган, транспорт-логистика йўлакларини ишга соладиган, туристлар оқимини кўпайтириб, қонуний меҳнат миграцияси учун шароит яратадиган, энг асосийси, фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган давлат вакили эканлигини алоҳида урғулади”, – дейилган материалларда.
Иқтисодий дипломатияни кучайтириш орқали экспорт ва инвестиция ҳажмини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Шу нуқтаи назардан элчиларга Яқин Шарқ, Европа, Осиё ва Африка давлатлари йўналишларида экспортни кенгайтириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, кимё, тўқимачилик, иссиқхона ва хизматлар соҳаларида аниқ лойиҳалар билан ишлаш вазифалари қўйилди.
Мақолаларда ёзилишича, янги экспорт йўналиши сифатида Африка қитъаси билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Шу мақсадда тегишли вазирликлар ва элчилар иштирокида аниқ “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш топширилди.
Покистон ОАВ хабар қилганидек, йиғилишда Ўзбекистоннинг Ташқи сиёсат фаолияти концепциясини янгилаб, унинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва халқаро майдонда мамлакатимизнинг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб олиш зарурлиги таъкидланди.
“Ўзбекистон Президенти янги концепция мамлакатнинг узоқ муддатли стратегик мақсадларини, ички ислоҳотларимиз мантиғини, иқтисодий дипломатия, хавфсизлик, инвестиция, экспорт, транспорт-логистика, сув ва иқлим масалаларидаги миллий манфаатларимизни яхлит ва ўзаро боғлиқ ҳолда акс эттириши лозимлигини алоҳида қайд этди”, – деб ёзилган мақолаларда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

