“London Post”: Халқаро таснифга кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи даражаси мўътадил ва бошқариладиган ҳисобланади
Январ 16, 2026. 08:50 • 2 дақ
• 119
ЛОНДОН, 16 январь. /“Дунё” АА/. Буюк Британиянинг машҳур “London Post” янгиликлар порталида Ўзбекистоннинг ташқи давлат қарзи ва ялпи ички маҳсулоти ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йил 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи 75,4 миллиард долларини ташкил этган. Шундан, 37,4 миллиард доллар давлат ташқи қарзига тўғри келади. Қолган 38 миллиард долларга яқини эса давлат кафолатисиз хусусий ва давлат корхоналарининг қарз мажбуриятлари (корпоратив қарз) ҳисобланади”, дея ёзилган манбада.
Мақолада ёзилишича, халқаро таснифга кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи даражаси мўътадил ва бошқариладиган ҳисобланади. 37,6 миллиард доллар миқдоридаги давлат ташқи қарзи тахминан ЯИМнинг 26 фоизига тенг (расмий ЯИМ қарийб 145 миллиард доллар). Бу кўрсаткич жаҳон амалиётида макроиқтисодий барқарорлик учун потенциал хавфли деб баҳоланадиган чегаравий даражалардан анча пастдир.
Умуман олганда, 2017–2025 йилларда амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида 2 миллиондан ортиқ иш ўринлари яратилди, экспорт ҳажми 270 фоизга ошди, жон бошига ЯИМ эса 418 фоизга кўпайди.
Бироқ энг муҳим жиҳат шундаки, ресурсларни жалб этиш фақат қатъий қоидалар, шаффофлик ва самарали назорат асосида амалга оширилиши лозим. Давлат раҳбари ўз Мурожаатида алоҳида таъкидлаганидек, парламент депутатлари лойиҳаларнинг бутун ҳаётий циклини – танлов ва конкурслардан тортиб, уларни амалга ошириш ҳамда якуний натижаларгача – кузатиб боради. Лойиҳаларнинг ҳолати, босқичлари ва жараёнлари реал вақт режимида эълон қилиб борилади, бу эса танлов ва тендерлар қандай ўтаётгани ҳамда мажбуриятлар қандай бажарилаётганини аниқ кўриш имконини беради.
“Ўзбекистоннинг инвестицияларга ёндашуви ниҳоятда аниқ: мамлакатнинг ўсиши учун ресурслар зарур, шу билан бирга аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган қатъий назорат, шаффофлик ва ўлчанадиган натижалар таъминланиши лозим. Барча жараёнлар айнан шу тамойиллар асосида – очиқ, босқичма-босқич ва аниқ масъулият доирасида олиб борилмоқда”, - дея хулоса қилган нашр.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси