“Ulysmedia.kz”: Ўзбекистонда тўқимачилик корхоналарига қатор имтиёзлар берувчи ҳужжат имзоланди
Январ 16, 2026. 15:12 • 2 дақ
• 56
ОСТОНА, 16 январь. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг “Ulysmedia.kz” ахборот нашрида “Кредитлар $2 миллионгача: Ўзбекистон бизнесни қўллаб-қувватлашнинг янги дастурини ишга туширади” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Қозоғистон нашрининг ёзишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тўқимачилик корхоналарини халқаро савдода қўллаб-қувватлаш ва глобал таъминот занжирларида иштирок этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган.
Тўқимачилик корхоналари энди уч тоифага бўлинади, уларнинг ҳар бири бўйича манзилли ёрдам дастури режалаштирилган.
Фармонга кўра, корхоналарга тижорат банклари томонидан 2 миллион АҚШ долларигача улар томонидан харид қилинган ва тўловлари тўлиқ амалга оширилган ёки ўзи етиштирган хомашёни гаровга олган ҳолда Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ресурслари ҳисобидан кредитлар ажратилади.
Соғломлаштириш имконияти мавжуд деб топилган корхоналарнинг аввал олган тижорат кредитлари муддати 7 йилгача узайтириб берилади.
Пахта хомашёси хариди учун жалб қилинган кредитлар бўйича 2026–2027 йилларда тўлов графикларида январь-февраль ойлари учун белгиланган тўловларни кредит шартномасига асосан охирги 6 ойга тенг тақсимланган ҳолда тўлашга рухсат берилади.
Фармонда белгиланишича, енгил саноат корхоналарида 2026 йил 1 январдан қуввати 5 МВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг корхона эҳтиёжидан ортиқча қисмини сотиш тизими жорий қилинади.
2026 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача пахта тайёрлаш пунктлари фаолиятининг мавсумийлигини инобатга олган ҳолда пахта тайёрлаш пунктларига мол-мулк ва ер солиқларини 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлашга рухсат берилади.
2026 йил 1 январдан 2029 йил 1 январга қадар тижорат банклари балансидаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарининг мол-мулклари инвесторларга реализация қилишда ҚҚСдан озод қилинади.
Тижорат банклари балансидаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарининг мол-мулкларини харид қилган инвесторларга ушбу корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятини 6 ойда тўлиқ тиклаш шарти билан 1 йил муддатга мол-мулк солиғини 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлашга рухсат берилади.
Чарм-пойабзал, мўйначилик корхоналари ва чорва молларини сўйиш ва терини қайта ишловчи ташкилотлар учун назарда тутилган фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи, айланмадан олинадиган солиқ тўловлари бўйича имтиёзлар муддати узайтирилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси