Пан Ги Мун: Ўзбекистон халқининг фахрланадиган жиҳатлари жуда кўп

Сентябрь 02, 2026. 15:30 • 2 дақ

27
Пан Ги Мун: Ўзбекистон халқининг фахрланадиган жиҳатлари жуда кўп

СЕУЛ, 2 сентябрь. /“Дунё” АА/. БМТнинг собиқ бош котиби, Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) президенти ва Кенгаши раиси Пан Ги Мун Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Дунё” АА орқали Ўзбекистон халқига ўзининг самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади:

– Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан жаноб Президент Шавкат Мирзиёевга, мамлакат ҳукумати ва халқига самимий табрикларим ҳамда эзгу тилакларимни етказиш мен учун катта шараф.

Ўтган ўттиз беш йил мобайнида Ўзбекистон тараққиёт ва трансформация йўлида салмоқли ютуқларга эришиб, Марказий Осиё ва ундан ташқарида муҳим ҳамда конструктив ҳамкор сифатидаги ўрнини мустаҳкамлади.

Ўзбекистон халқининг фахрланадиган жиҳатлари жуда кўп. Мамлакатнинг яхши қўшничилик дипломатияси сиёсати орқали минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро мулоқотни мустаҳкамлаш ва умумий ёндашувга эришиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, минтақада очиқлик ва ўзаро боғлиқликни илгари суриш борасидаги қатъий саъй-ҳаракатларини алоҳида қайд этмоқчиман. Буларнинг барчаси янада тинч, барқарор ва фаровон Марказий Осиёни барпо этишда ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон ва унинг ҳамфикр қўшнилари тинчлик ва барқарорлик меваларидан баҳраманд бўлмоқда, уларнинг бу борадаги ютуқлари эса бошқа минтақалар учун ёрқин намуна бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон билан Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини алоҳида эътироф этиш зарур.

Мамлакатларимиз ўртасидаги мустаҳкам алоқалар шериклик, ўзаро ҳурмат ҳамда барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлидаги умумий интилишларнинг қадр-қимматини намоён этади.

Халқаро ҳамжамият иқлим ўзгариши, атроф-муҳит таназзули ва барқарор ривожланишни таъминлаш билан боғлиқ умумий қийинчиликларга дуч келаётган бир шароитда Ўзбекистоннинг “яшил” трансформация ва иқлимий чораларга қаратаётган эътибори алоҳида аҳамият касб этади.

GGGI Ассамблеяси президенти ва Кенгаши раиси сифатида Ўзбекистоннинг ҳиссасини юксак қадрлайман ҳамда мамлакат бундан буён ҳам янада барқарор ва ҳаётчан келажакни шакллантириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизга муносиб ҳисса қўшишда давом этишига ишонаман.

Ўзбекистон учун ушбу шонли кунда бутун мамлакат халқига янада мустаҳкам тинчлик, фаровонлик ва муваффақиятлар тилайман ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият билан конструктив ҳамкорлиги янада мустаҳкамланишини интизорлик билан кутаман.

Мустақилликнинг 35 йиллиги муборак бўлсин!

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш