Ўзбекистон ва Германия парламент делегациялари Берлинда икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди

Октябрь 14, 2026. 19:00 • 2 дақ

• 62
Ўзбекистон ва Германия парламент делегациялари Берлинда икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди

БЕРЛИН, 13 октябрь. /«Дунё» АА/. Берлин шаҳрида Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегацияси ва Германия Бундестаги раиси ўринбосари Жозефина Ортлеб ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Парламентимиз юқори палатаси маълумотига кўра, унда икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва ижтимоий соҳаларда тажриба алмашиш масалаларига эътибор қаратилди.

Жозефина Ортлеб Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бораётганини таъкидлаб, парламент дипломатиясининг сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва халқаро муаммоларга ечим топишдаги аҳамиятини таъкидлади.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, гендер тенгликни таъминлаш ҳамда аёлларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Бу борада қонунчилик тажрибасини ўрганиш ва парламентларнинг тегишли тузилмалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик ҳам учрашувнинг муҳим мавзуларидан бири бўлди. Тиббий хизматлар сифати ва оммабоплигини ошириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда қўшма ташаббусларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида икки мамлакат парламентларининг тегишли қўмиталари ўртасида, ҳудудлараро тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш ва ўзаро манфаатли йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш манфаатдорлиги билдирилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш