Беларусда Ўзбекистоннинг оила, оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш борасидаги тажрибаси тақдим этилди
Октябрь 14, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 135ПОЛОЦК, 14 октябрь. /“Дунё” АА/. Беларуснинг Полоцк шаҳрида бўлиб ўтган халқаро форумда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси Зумрад Бекатова мамлакатимизнинг оила, оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш борасидаги тажрибаси ҳақида сўз юритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
У ўз чиқишида Ўзбекистонда оила муқаддас қадрият ва кичик ватан сифатида эъзозланиши, жамият барқарорлиги ҳамда мамлакат келажаги кўп жиҳатдан унинг фаровонлигига боғлиқ эканини таъкидлади.
Сенатор республикада ижтимоий ҳимоянинг қонунчилик базаси такомиллаштирилаётгани, ёшлар камолоти, аҳоли бандлигини ошириш ва оилаларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш учун қулай шарт-шароитлар яратилаётганини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, эҳтиёжманд фуқароларни ўқитиш ва даволаш, уларни зарур реабилитация воситалари билан таъминлашга қаратилган манзилли дастурлар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, оилавий муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган технологик ва маърифий ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Давлат сиёсатининг самарадорлигини баҳолаш жараёнида оилалар аҳволи ва кўрилаётган чора-тадбирлар натижаларини тадқиқ қилувчи ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот институтлари ҳам иштирок этмоқда.
“Оила – бу кичик ватан. Агар оилада тинчлик ва тотувлик ҳукм сурса, мамлакат гуллаб-яшнайди”, – деди Зумрад Бекатова.
Шунингдек, Ўзбекистон томони оилавий ҳамда маънавий-ахлоқий қадриятларни асраб-авайлаш масалаларида тажриба алмашиш ва мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда халқаро форумларнинг аҳамияти катта эканини қайд этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

