Logo

Покистон билан соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик ривожлантирилади

Февраль 16, 2026. 12:48 • 2 дақ

36
Покистон билан соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик ривожлантирилади

ИСЛОМОБОД, 16 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Бобоев ва Покистон Олий таълим комиссияси раҳбари, Миллий соғлиқни сақлаш хизмати департаменти бошлиғи Зиё ул-Ҳақ ҳамда Тиббиёт ва стоматология кенгаши раҳбари Раҳмат Бажва ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқотда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган муносабатлар сўнгги йилларда стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди. Олий даражадаги ўзаро ташрифлар ва фаол мулоқотлар барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш йўналишидаги ҳамкорликка ҳам қўшимча суръат бағишлагани қайд этилди.

Покистон вакиллари Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари, малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, янги олий таълим муассасаларини ташкил этиш ҳамда халқаро ҳамкорлик йўналишида ишлар билан батафсил таништирилди.

Томонлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасида соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим соҳаларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистонда Покистон фармацевтика компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатдан ўтказилгани маълум қилинди.

Тиббий таълим соҳасида ҳам ижобий динамика қайд этилди. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистон олий таълим муассасаларида 1200 нафардан ортиқ покистонлик талаба таҳсил олмоқда. Ўзбекистон томони тиббиёт амалиёти, фундаментал тиббиёт, кадрлар малакасини ошириш ва қўшма илмий тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Покистон вакиллари соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида амалий ҳамкорликка эътибор қаратиш, жумладан, покистонлик шифокорларни Ўзбекистонга ишлаш учун юбориш, шунингдек, хусусий секторда қўшма тиббиёт муассасаларини ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилди.

Учрашув якунида ҳамкорликнинг барча белгиланган йўналишларини батафсил ишлаб чиқиш мақсадида Покистон делегациясининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш