Logo

Элдор Арипов: Марказий Осиё глобал хавфсизлик муҳокамасига ижобий ҳисса қўшишга қодир

Февраль 16, 2026. 12:53 • 6 дақ

54
Элдор Арипов: Марказий Осиё глобал хавфсизлик муҳокамасига ижобий ҳисса қўшишга қодир
Элдор Арипов: Марказий Осиё глобал хавфсизлик муҳокамасига ижобий ҳисса қўшишга қодир
Элдор Арипов: Марказий Осиё глобал хавфсизлик муҳокамасига ижобий ҳисса қўшишга қодир

ТОШКЕНТ, 16 февраль. /“Дунё” АА/. 14-15 февраль кунлари Германияда бўлиб ўтган Хавфсизлик бўйича 62-Мюнхен конференцияси доирасида ушбу платформа тарихида биринчи марта Марказий Осиё тинч трансформация, барқарор ривожланиш ва минтақавий масъулиятнинг ўзига хос моделига эга яхлит минтақа сифатида тақдим этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Бу фикр Низомий Ганжавий номидаги халқаро марказ (Озарбайжон) ва Каспий сиёсати маркази (АҚШ) томонидан ташкил этилган тадбирлардаги мунозаралар доирасида билдирилди.

Сессияларнинг асосий маърузачилари ва иштирокчилари орасида Саудия Арабистони Ислом тадқиқотлари маркази директорлар кенгаши раиси Турки Ал-Файсал бин Абдулазиз Ал Сауд, БМТ Бош котиби ўринбосари Мигель Анхель Моратинос, ЮНКТАД Бош котиби Ребека Гринспан, Австрия собиқ федерал канцлери Себастьян Курц, Европа тинчлик институти президенти Хелга Шмид, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стрипрайс ва бошқалар бор.

Ўзбекистон томонидан Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва давлатимиз раҳбари ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов иштирок этди. Уларнинг нутқлари сўнгги ўн йил ичида можаролардан барқарор ҳамкорликка ўтишга муваффақ бўлган Евроосиёнинг кам сонли минтақаларидан бири сифатида Марказий Осиёни муҳокама қилишнинг консептуал асосини яратди.

Низомий Ганжавий номидаги халқаро марказ сессиясида сўзга чиққан СМТИ директори Элдор Арипов Мюнхен конференциясида Марказий Осиё бўйича алоҳида, мазмунли мунозара пайдо бўлишининг ўзи жуда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

“Узоқ вақт давомида Марказий Осиё асосий таҳлилий ва сиёсий эътибордан четда қолди. Минтақа ҳақидаги маълумотлар узуқ-юлуқ ва эскирган эди. Бугун биз Марказий Осиёни нафақат ўзи ўзгарган, балки глобал хавфсизлик муҳокамасига ижобий ҳисса қўшишга қодир минтақа сифатида биринчи марта тилга олмоқдамиз”, - деди Элдор Арипов.

Унинг таъкидлашича, минтақанинг трансформацияси глобал миқёсда кескинлашув ва қутбланиш жараёнлари кучаяётган бир шароитда айниқса яққол намоён бўлмоқда. Дунёнинг кўплаб ҳудудларида беқарорлик ортиб бораётган бир пайтда, Марказий Осиё муқобил ривожланиш траекториясини – мулоқот, прагматизм ҳамда “ноль йиғиндили ўйин” мантиқидан воз кечиш тамойилларига асосланган ёндашувни намойиш этмоқда.

СМТИ директори ўн йил олдин ҳам минтақа ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган ҳудудий ва сув низолари, вақти-вақти билан содир бўладиган қуролли ҳодисалар ва чегаранинг миналаштирилган участкалари билан боғлиқ бўлганини эслатди. Буларнинг барчаси миллионлаб одамларнинг ҳаётига бевосита таъсир кўрсатди.

Бугун вазият бутунлай бошқача.

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги минтақавий савдо икки баробардан зиёд кўпайди, ўзаро инвестициялар ҳажми қарийб беш баробар ошди, аҳолининг трансчегаравий ҳаракатчанлиги минтақа ўнлаб йиллар давомида кўрмаган даражада тикланди. СОVID-19 пандемияси даврида ҳам минтақа мамлакатлари ҳаётий муҳим товарларни етказиб бериш учун чегараларни очиқ қолдиргани - жамоавий барқарорлик ва ўзаро ишончнинг ифодаси сифатида эътиборга лойиқдир.

“Марказий Осиёнинг асосий сабоғи шундаки, география эмас, сиёсий тафаккур ўзгарди. Энг юқори даражадаги сиёсий ирода асосий омил бўлди. Ўзбекистон Президенти қарама-қаршилик ўрнига барқарорлик ва тараққиёт фойдасига онгли танлов қилди ва минтақанинг барча етакчилари томонидан қабул қилинган формулани таклиф қилди: барқарор ривожланиш фақат ўзаро манфаатлар асосида амалга ошиши мумкин”, - деди СМТИ директори.

Элдор Арипов, шунингдек, минтақадаги хавфсизлик фақат ҳарбий нуқтаи назардан кўриб чиқилмай, ривожланиш, ижтимоий барқарорлик ва иқтисодий ўзаро боғлиқлик натижаси сифатида қайта кўриб чиқилганини таъкидлади.

Маърузаларда маҳаллий ҳамжамиятларнинг ўрнига алоҳида эътибор қаратилди. Унинг қайд этишича, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорлик нафақат давлатлараро келишувлар билан, балки тинчликнинг оддий фуқаролар ҳаётида амалий мазмун касб этгани билан ҳам таъминланмоқда – савдо-сотиқ, туризм ва трансчегаравий ҳамкорлик орқали.

Айнан шу ёндашув ўтган йил октябрь ойида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Фарғона тинчлик форумининг асосини бўлди.

“Фарғона мулоқоти ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, экспертлар ва маҳаллий ҳамжамиятлар биргаликда ишлайдиган платформага айланди. Унинг вазифаси нафақат эришилган ўзгаришларни қайд этиш, балки Марказий Осиёни можароларнинг олдини олиш ва дунёнинг бошқа минтақалари учун ишончни ошириш бўйича амалий тажриба манбаига айлантиришдир”, - деди Элдор Арипов.

Форум якунларига кўра, уни минтақанинг узоқ муддатли барқарорлигига қаратилган ва унинг тажрибасини халқаро даражага етказувчи доимий мулоқот платформаси сифатида институтлаш­тиришга қарор қилинди.

Ушбу мавзунинг мантиқий давоми Каспий сиёсати маркази томонидан ташкил этилган майдонда ўтказилган муҳокама бўлди, унда Марказий Осиё ва Жанубий Кавказнинг Ўрта коридор контекстида ортиб бораётган ўзаро боғлиқлиги масаласи муҳокама қилинди.

Элдор Арипов ўз нутқида икки минтақа ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланиши Евроосиёда чуқур таркибий ўзгаришларни акс эттиришини таъкидлади.

“Гап янги блоклар ёки расмий иттифоқлар тузиш ҳақида эмас, балки амалий манфаатларга асосланган функционал ўзаро боғлиқлик – транспорт, савдо, энергетика ўтиш ва таъминот занжири барқарорлиги ҳақида кетмоқда”, - деб таъкидлади у.

Айниқса, Ўзбекистон Президенти ушбу янги стратегик ўлчамни биринчилардан бўлиб тан олгани ва Озарбайжонни Марказий Осиё минтақавий ҳамкорлиги доирасига киритишни таклиф қилгани таъкидланди. Муҳокама иштирокчиларининг фикрига кўра, ушбу ташаббус иқтисодий ўзаро боғлиқлик беқарорлик қийматини оширадиган ва шу тариқа можароларнинг олдини олишга хизмат қиладиган янги воқеликни акс эттиради.

Мюнхендаги Ўзбекистон вакилларининг нутқлари Марказий Осиё тобора кўпроқ муаммонинг манбаи эмас, балки ечимнинг бир қисми сифатида қабул қилинаётганини кўрсатди. Марказий Осиёдан Жанубий Кавказ орқали Қора денгизгача бўлган ҳамкорлик маконини ривожлантириш бутун Евросиёга таъсир қилувчи кенгайтирилган барқарорлик зонасини яратиши мумкин.

Ўзбекистон томонининг таклифлари билан боғлиқ қизиқиш ва фаол муҳокамалар Марказий Осиё тажрибасининг тобора ортиб бораётган глобал ноаниқлик шароитида долзарблигини тасдиқлади. Элдор Арипов таъкидлаганидек, хавфсизлик ишонч, иқтисодий ўзаро боғлиқлик ва прагматик сиёсий қарорлар орқали қуриладиган минтақалар глобал хавфсизлик архитектурасида барқарор ўрин топиши керак.

Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистон томонидан изчил илгари сурилаётган ва институционаллаштирилаётган тинчлик ташаббуслари стратегик аҳамият касб этади: улар иқтисодий, транспорт ва институционал алоқаларнинг зич тармоғини шакллантиради. Натижада, ҳар қандай эскалация уринишлари тўғридан-тўғри харажатларни келтириб чиқаради - транзитга путур етказади, таъминот занжирларини бузади, инвестицияларни йўқотади ва минтақавий боғлиқликни пасайтиради, бу эса зиддиятли динамикани объектив равишда тўхтатади ва узоқ муддатли барқарорлик фойдасига ишлайди.

Конференцияда иштирок этиш доирасида Европанинг хавфсизлик ва превентив дипломатия соҳасидаги етакчи институтлар раҳбарлари билан алоҳида музокаралар ўтказилди. Улар орасида Европа тинчлик институти президенти ва Мюнхен хавфсизлик конференцияси раисининг ўринбосари

Хельга Шмид, Бергхоф фонди ижрочи директори Крис Колтер, Низоларнинг олдини олиш маркази директори ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти котибияти раҳбарининг ўринбосари Кетрин Фирон, Женева хавфсизлик сиёсати маркази ижрочи директори Томас Гремингер, шунингдек, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стрипрайс бор эди.

Музокаралар чоғида экспертлик ва институционал ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, таҳлилий материаллар алмашиш, минтақавий барқарорлик ва превентив дипломатия масалалари бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Глобал мунозара майдонларида Марказий Осиёнинг иштирокини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу ўринда келгуси йилда Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференцияси доирасида Марказий Осиёдаги ҳамкорлар билан биргаликда минтақа овози ва унинг халқаро тараққиёт борасидаги нуқтаи назарини тўлиқ ифода этишга қаратилган алоҳида кенг кўламли тадбирни ўтказишга келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, хавфсизлик бўйича Мюнхен конференцияси глобал хавфсизликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун энг нуфузли халқаро платформалардан биридир. 2026 йилда унинг ишида 115 дан ортиқ мамлакатдан мингдан ортиқ вакиллар, жумладан, 60 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этди.

Низомий Ганжавий номидаги халқаро марказ халқаро муносабатлар, минтақавий хавфсизлик ва цивилизациялараро мулоқот масалаларига ихтисослашган Озарбайжоннинг етакчи таҳлилий марказидир.

Каспий сиёсати маркази (Caspian Policy Center) - Америка таҳлилий маркази бўлиб, Каспий минтақаси ва Марказий Осиёда энергетика хавфсизлиги, минтақавий интеграция ва геосиёсат масалаларига ихтисослашган.

Ўрта коридор (Middle Corridor) - Осиё ва Европани Каспий денгизи, Жанубий Кавказ ва Туркия орқали боғлайдиган транспорт йўли бўлиб, геосиёсий турбулентлик шароитида шимолий йўналишларга асосий муқобил сифатида қаралмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш