Logo

Покистон минтақавий тадқиқотлар институти президенти: Ўзбекистон Президенти — Янги Ўзбекистон ва янгиланган Марказий Осиё минтақаси меъмори

Январ 31, 2026. 13:00 • 3 дақ

26
Покистон минтақавий тадқиқотлар институти президенти: Ўзбекистон Президенти — Янги Ўзбекистон ва янгиланган Марказий Осиё минтақаси меъмори
Покистон минтақавий тадқиқотлар институти президенти: Ўзбекистон Президенти — Янги Ўзбекистон ва янгиланган Марказий Осиё минтақаси меъмори
Покистон минтақавий тадқиқотлар институти президенти: Ўзбекистон Президенти — Янги Ўзбекистон ва янгиланган Марказий Осиё минтақаси меъмори

ИСЛОМОБОД, 31 январь. /“Дунё” АА/. Шу йил 29 январь куни «Покистон ва Ўзбекистон: ўзгарувчан дунёда стратегик шериклик, ўзаро боғлиқлик ва барқарор ривожланиш» мавзусида онлайн конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Конференция Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси кўмагида Покистон минтақавий тадқиқотлар институти ҳамда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан ташкил этилди.

Халқаро анжуманда Ўзбекистон ва Покистоннинг етакчи таҳлил марказлари раҳбарлари ва мутахассислари, фуқаролик жамияти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Илмий-амалий конференцияни очар экан, Покистон минтақавий тадқиқотлар институти президенти Жавҳар Салим Ўзбекистоннинг Покистон учун Марказий Осиёдаги асосий ҳамкор сифатидаги, шунингдек, барқарор минтақалараро транспорт ва логистика алоқаларини ривожлантиришда муҳим бўғин сифатидаги стратегик аҳамиятини таъкидлади. У сиёсий баёнотлардан аниқ лойиҳаларга, айниқса савдо, инвестиция ва транзит соҳаларига ўтиш зарурлигини қайд этди.

Маърузачининг сўзларига кўра, соҳа мутахассислари сиёсий мулоқотни қўллаб-қувватлаш ва узоқ муддатли ҳамкорлик кун тартибини шакллантиришда фаол ўрин тутиши керак.

«Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон халқининг буюк дўсти. Унинг Исломободга бўлажак давлат ташрифи мамлакатимиз миллий манфаатлари учун жуда муҳим. Биз, шунингдек, Ўзбекистон етакчисини Янги Ўзбекистон ва янгиланган Марказий Осиё минтақасининг меъмори сифатида ҳам биламиз», — деди Жавҳар Салим.

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов ўзининг кириш нутқида Ўзбекистон–Покистон муносабатлари юқори даражадаги сиёсий ишонч ва умумий узоқ муддатли манфаатларга асосланган стратегик шерикликнинг сифат жиҳатидан янги босқичига ўтганини таъкидлади.

«Ўзбекистон Президентининг Исломободга бўлажак давлат ташрифи икки томонлама ҳамкорликни институционаллаштириш учун қўшимча туртки бўла оладиган муҳим сиёсий воқеа бўлади. Хавфсизлик, иқтисодиёт ва минтақавий алоқалар йўналишидаги амалий таклифларни ишлаб чиқишда мутахассислар мулоқотининг роли алоҳида аҳамиятга эга», — деди Элдор Арипов.

Ўзбекистон элчиси Алишер Тухтаев ўз нутқида халқаро тизимдаги чуқур ўзгаришлар ҳамда геосиёсий ва иқтисодий ноаниқликларнинг кучайиб бориши шароитида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини ва стратегик шериклик томон изчил ривожланаётганини қайд этди.

«Икки мамлакат ўртасидаги юқори даражадаги сиёсий ўзаро тушуниш, икки томонлама мулоқотнинг мунтазамлиги ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил февраль ойи бошида Исломободга бўлажак давлат ташрифи ҳамкорликни янада чуқурлаштиришда катта аҳамиятга эга», – деди Ўзбекистон элчиси.

Дипломатик миссия раҳбари, шунингдек, иштирокчилар эътиборини Покистоннинг Жанубий Осиёда Ўзбекистон учун ишончли шерик ва глобал бозорларга муҳим транзит нуқтаси сифатидаги ортиб бораётган ролига қаратди. У савдо-иқтисодий алоқаларнинг барқарор ўсиши, ҳуқуқий асоснинг кенгайиши, бизнес, транспорт ва гуманитар алоқаларнинг фаоллашиб бораётганини қайд этди. Шунингдек, Ўзбекистон–Покистон ҳамкорлигини ривожлантиришда минтақавий кун тартибининг, хусусан, Афғонистондаги вазиятнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон элчиси онлайн конференция таҳлилий мулоқотни институционаллаштириш, амалий тавсиялар тайёрлаш ва икки мамлакат ўртасида мутахассислар ҳамкорлигининг барқарор механизмини яратишга қаратилганини ҳам урғулади.

Онлайн конференция доирасида «Сиёсий мулоқот ва хавфсизлик масалалари», «Иқтисодий ва саноат ҳамкорлиги», «Транспорт ва логистика алоқалари» ҳамда «Инсон капитали, таълим ва технологиялар» мавзуларида тўртта панель сессияси ташкил этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш