Logo

Германиядан муносабат: Туркиянинг жиддий синовли дамларида Ўзбекистон қардош халқ сифатида катта ёрдам кўрсатган

Январ 31, 2026. 12:30 • 2 дақ

52
Германиядан муносабат: Туркиянинг жиддий синовли дамларида Ўзбекистон қардош халқ сифатида катта ёрдам кўрсатган

БЕРЛИН, 31 январь. /“Дунё” АА/. Германиядаги “MÜSIAD Hessen e.V.” Тадбиркорлар уюшмаси раиси ўринбосари Илёс Гужлю “Дунё” АА учун Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи якунлари юзасидан фикр билдирди:

Ушбу ташриф дипломатик воқеадан кўра муҳимроқдир. У икки туркий халқнинг вақт синовидан ўтган ва амалда ўз тасдиғини топган чинакам дўстлиги ва ҳамжиҳатлигининг рамзидир.

2023 йил февраль ойида Ҳатай ва Газиантеп вилоятларида юз берган зилзила минглаб уйларни вайрон қилиб, кўплаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келгани Туркия учун жиддий синов бўлди. Ана шундай синовли дамларда Ўзбекистон том маънодаги қардош халқ сифатида ўзини кўрсатди: қутқарув ва тиббиёт бригадалари юборилди, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва энг зарур буюмлар олиб келинди, жабрланган оилалар учун Арсуз туманида турар жой мажмуаси барпо этилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик сўз ва декларациялар билан чекланиб қолмаслигини, у аниқ ишлар ва инсоний қўллаб-қувватлаш билан ўлчанишини яққол кўрсатади.

Кўп йиллардан буён ЎзбекистонТуркия муносабатлари ишонч, ўзаро англашув, барқарорлик ва фаровонликка умумий интилиш руҳида ривожланиб келмоқда. Дипломатик алоқалар, Стратегик ҳамкорлик кенгашининг ташкил этилиши ва унинг олий даражадаги мунтазам йиғилишлари мустаҳкам институционал пойдевор яратмоқда.

Ўзбекистон Президентининг Туркияга бешта ташрифи ва Туркия раҳбарининг жавоб ташрифлари ўзаро ҳамкорликнинг юксак даражасини ҳамда икки мамлакат иқтисодиёт ва транспортдан тортиб фан ва маданиятгача бўлган барча муҳим йўналишларда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга тайёрлигини тасдиқлайди.

Иқтисодий ҳамкорлик ҳам муносабатларнинг барқарорлиги ва амалий аҳамиятини кўрсатади. Имзоланган Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим бизнес ва инвестициялар учун янги имкониятлар очди, транспорт йўлакларини ривожлантириш, фаол авиақатновлар ва инфратузилма лойиҳалари мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамламоқда.

Маданий-гуманитар йўналиш ҳам муҳим аҳамиятга эга: умумий тарих, тил ва анъаналар, атоқли фан ва маданият арбобларига ҳурмат ишонч ва ўзаро ҳурмат муҳитини яратади, бу эса жамият даражасидаги муносабатларни мустаҳкамлайди.

Ўзбекистон ва Туркия оғир дамларда бир-бирини қўллаб-қувватлашга, келажакни биргаликда қуришга, туркий халқларнинг ишончи, муштарак қадриятлари ва маънавий яқинлигига асосланган алоқаларни мустаҳкамлашга тайёр эканини тасдиқлайди. Ушбу ташриф икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик вақт синовидан ўтаётгани, одамларга реал фойда келтирадиган аниқ, сезиларли ҳаракатларда намоён бўлаётганининг ёрқин далилидир.

Шундай қилиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи нафақат дипломатик қадам, балки инсонпарварлик масъулияти, қардошларча ҳамжиҳатлик ва стратегик шериклик рамзидир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш