Logo

Болливуднинг машҳур актёри Амир Хон Тошкентда иккинчи Ҳиндистон аёллар киноси фестивали ўтказилишини қўллаб-қувватлади

Март 11, 2026. 19:29 • 2 дақ

84
Болливуднинг машҳур актёри Амир Хон Тошкентда иккинчи Ҳиндистон аёллар киноси фестивали ўтказилишини қўллаб-қувватлади

ДЕҲЛИ, 11 март. /«Дунё» АА/. Ҳинд кинематографияси афсонаси, актёр ва режиссёр Амир Хон 2026 йил 13–15 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган иккинчи Ҳиндистон аёллар киноси фестивали арафасида ўзбекистонлик томошабинларга махсус видеомурожаат йўллади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Актёр ўз видеомурожаатида мазкур фестивалнинг Ўзбекистон пойтахтида ташкил этилаётганидан чин дилдан хурсанд эканлигини билдирган. У «Дангал» фильми ва унинг бутун ижодий жамоаси учун мазкур картина аёлларнинг куч-қудрати, матонати ва имкониятлари тараннум этиладиган ушбу байрамнинг бир қисмига айланиши катта шараф эканини таъкидлаган.

Актёрнинг фикрича, фестиваль аёллар тақдири, уларнинг кураши ва зафарларини ҳикоя қилиш орқали замонавий санъатга муҳим ҳисса қўшмоқда. Санъаткор Ўзбекистонга шахсан ташриф буюришни жуда хоҳлагани, бироқ иш жадвали тиғизлиги сабабли жорий йилда бунинг иложи бўлмаганини эътироф этган. Шунга қарамай, Амир Хон келгусида Тошкентга албатта келишга ваъда берди.

Бўлажак фестиваль Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган. Мазкур маданий воқеа Тошкентда биринчи марта 2025 йил март ойида уюштирилган эди. Ўтган йилги муваффақият ўзбек томошабинларининг муҳим ижтимоий масалаларни кўтарувчи замонавий ҳинд драмаларига бўлган юқори қизиқишини яна бир бор намойиш этди.

Жорий йил фильмлар намойиши Миллий кинематография санъати саройи («Панорама» кинотеатри)да бўлиб ўтади. Барча сеансларга кириш бепул бўлиб, фильмлар ўзбек ва инглиз тилларидаги субтитрлар билан намойиш этилади.

Фестивалнинг ўтказилиши Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида жадал ривожланиб бораётган ҳамкорликнинг ёрқин тасдиғи бўлди.

Сўнгги йилларда маданият ва кино соҳасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилди. Қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда, ҳинд делегациялари Тошкент халқаро кинофестивалининг анъанавий меҳмонларига айланган, ўзбек фильмлари эса Ҳиндистондаги нуфузли фестивалларда тобора кўпроқ тақдим этилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш