Венгрия жаз жамоаси Тошкентдаги халқаро фестивалида иштирок этишга қизиқиш билдирди
Октябрь 05, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 117
БУДАПЕШТ, 5 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида венгриялик таниқли пианиночи, композитор ва “Péch Lóránt Quartet” жаз жамоаси асосчиси Лорант Пех билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, венгриялик мусиқачиларнинг юртимизда ўтказиладиган халқаро маданий-концерт тадбирларида иштирок этиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Венгрия томони, хусусан, “Péch Lóránt Quartet” жамоасининг 2027 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Халқаро жаз фестивалида иштирок этишига катта қизиқиш билдирди.
“Péch Lóránt Quartet” 2023 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг мусиқаси замонавий акустик жазни анъанавий жаз ва классик мусиқа элементлари билан уйғунлаштиради. Жамоа Венгриянинг машҳур жаз фестивалларида фаол иштирок этиб келади ва 2026 йилда нуфузли “Müpa Jazz Showcase” танловида “Томошабинлар меҳри” мукофоти билан тақдирланган.
Учрашув Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, икки мамлакат мусиқачилари ўртасида профессионал мулоқот ва ижодий алмашинувни кенгайтириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси