Ар-Риёзда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан талаба қизлар иштирокида тадбир ўтказилди

Октябрь 05, 2026. 16:30 • 2 дақ

• 73
Ар-Риёзда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан талаба қизлар иштирокида тадбир ўтказилди

АР-РИЁЗ, 5 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси дипломатлари томонидан Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда “Малика Нура бинт Абдураҳмон” ҳамда “Подшоҳ Ол Сауд” университетларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба қизлар иштирок этди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад – Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва эришилган натижалар ҳақида хорижда таҳсил олаётган ёшларни хабардор қилиш, уларнинг фикр ва таклифларини ўрганишдан иборат бўлди.

Суҳбат давомида мамлакатда ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтилди.

Таълим тизимини модернизация қилиш, олий таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, хорижий нуфузли университетлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда хотин-қизларнинг таълим олиши, хорижий тилларни ўрганиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритилди. Саудия Арабистонида таҳсил олаётган ўзбекистонлик қизларнинг халқаро муҳитда орттираётган билим ва тажрибасини келгусида мамлакат тараққиётига йўналтириши муҳим экани таъкидланди.

Ватандошлар хорижда таҳсил олаётган ўзбек ёшлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг билим ва тажрибасини Ўзбекистондаги таълим ва тараққиёт жараёнларига жалб этиш, хорижий университет талабалари учун мамлакатда стажировка ва амалиёт дастурларини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирди.

Тадбирнинг яна бир муҳим қисми талаба-ёшларнинг хавфсизлиги билан боғлиқ масалаларга бағишланди. Элчихона ходимлари маҳаллий қонун-қоидаларга қатъий риоя қилиш, тақиқланган оммавий намойишларда иштирок этмаслик, ноқонуний тўқнашувларга қўшилмаслик, экстремистик ва радикал оқимлар таъсирига тушиб қолмаслик зарурлигини таъкидлади.

Учрашув якунида талабаларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди, консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича тегишли тушунтиришлар берилди. Талабалар хорижда таҳсил олаётган ўзбек ёшларига кўрсатилаётган эътибор ҳамда фикр-мулоҳазалари инобатга олинаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш