Ўзбекистон элчиси ва Миср ташқи ишлар вазирининг янги тайинланган ўринбосари икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилдилар
Ноябрь 24, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 11
ҚОҲИРА, 24 ноябрь. /“Дунё” АА/. Миср Ташқи ишлар вазирлигида Осиё мамлакатлари бўйича янги вазир тайинланган ўринбосари Майя Таҳа Халиль билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат давомида сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, олий ва юқори даражадаги ташрифларга тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Миср ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистонга ташрифини 2027 йилнинг биринчи чорагида ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Томонлар ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги, 12-даврасини Қоҳирада, консуллик маслаҳатлашувларини эса 2027 йилда Тошкентда ўтказиш масалаларини кўриб чиқди.
Айни пайтда, икки мамлакат ўртасида имзоланиши режалаштирилган 18 та ҳужжат лойиҳасини келишиш ва уларни тегишли ташрифлар доирасида имзолаш бўйича ишларни жадаллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, икки мамлакат мудофаа ҳамда ички ишлар вазирликлари ўртасида институционал алоқаларни йўлга қўйиш ва тегишли ҳамкорлик ҳужжатларини имзолаш муҳим йўналишлар сифатида қайд этилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мисрнинг “Orascom Investment”, “Orascom Construction”, “Elsewedy Electric”, “In2Metals”, “Nile Sugar” каби йирик компаниялари Ўзбекистон бозорида фаолият юритаётгани икки томонлама иқтисодий алоқаларнинг изчил ривожланаётганидан далолат бериши таъкидланди.
Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги, 8-йиғилишини Қоҳирада ўтказиш, ишбилармон доиралар делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, Ўзбекистон–Миср Савдо-саноат палатасини таъсис этиш таклифлари илгари сурилди.
Транспорт ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Қоҳира–Тошкент–Қоҳира йўналишида мунтазам тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Мисрнинг “EgyptAir” ва “Sky Vision Airlines” авиакомпаниялари мазкур йўналишда парвозларни амалга оширишга тайёр экани қайд этилди.
Учрашув якунида Мая Таҳа Халил Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантириш Миср ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканини таъкидлаб, янги лавозимида икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратишини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси