Пакш шаҳри кунида ўзбек миллий таомлари тақдимоти ўтказилди
Май 19, 2026. 12:25 • 2 дақ
• 25ПАКШ, 19 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари жорий йилда ўзининг 47 йиллигини нишонлаётган Венгриянинг Пакш шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиладиган Шаҳар куни байрамида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда маҳаллий аҳоли, жамоатчилик вакиллари, ишбилармон доиралар ҳамда хорижий меҳмонлар иштирок этди.
Байрам дастури доирасида Ўзбекистон вакиллари мамлакатнинг маданий-тарихий, сайёҳлик ва гастрономик салоҳиятига оид тақдимот ўтказди. Ташриф буюрувчиларга Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси, Буюк Ипак йўли бўйида жойлашган қадимий шаҳарлар, бетакрор меъморий ёдгорликлар, миллий анъаналар ҳамда замонавий туризм имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистон элчиси Ойбек Шаҳавдинов тадбир иштирокчиларини ўзбек халқининг кўп асрлик тарихи, ўзига хос маданияти, меҳмондўстлик анъаналари ва замонавий Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирди. Шунингдек, Ўзбекистон–Венгрия муносабатларини янада мустаҳкамлаш, гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирнинг энг қизиқарли қисмларидан бири миллий таомлар тақдимоти бўлди. Меҳмонлар учун анъанавий ўзбек паловини тайёрлаш бўйича маҳорат дарси ташкил этилиб, улар ўзбек пазандалик анъаналари ва палов тайёрлаш жараёни билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Шунингдек, Ўзбекистон элчихонаси томонидан тайёрланган палов ва миллий салатлар дегустацияси ҳам ўтказилди. Миллий таомлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотиб, юксак баҳоланди. Тадбир иштирокчиларининг кўпчилиги Ўзбекистон маданияти, анъаналари ва сайёҳлик имкониятлари билан яқиндан танишиш истагини билдирди.
Элчихона дипломатларининг Пакш шаҳридаги байрам тадбирларида иштироки халқ дипломатияси ва маданий алмашинувнинг муҳим қисми сифатида баҳоланиб, Ўзбекистоннинг халқаро ижобий имижини мустаҳкамлаш ҳамда икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси









