Ўзбекистон Президентининг Туркистондаги ТДТ саммитида илгари сурган деярли барча ташаббуслари амалий аҳамиятга эга бўлди

Май 19, 2026. 11:55 • 9 дақ

98
Ўзбекистон Президентининг Туркистондаги ТДТ саммитида илгари сурган деярли барча ташаббуслари амалий аҳамиятга эга бўлди

ТОШКЕНТ, 19 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 15 май куни амалий ташриф билан Туркистон шаҳрида бўлиб, Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этди. Ташриф доирасида сиёсий, иқтисодий ва гуманитар масалалар, шунингдек, олий даражадаги қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилди. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов "Дунё" АА мухбирига берган интервьюсида саммитнинг аҳамияти, ТДТ ривожланишидаги янги тенденциялар ва Ўзбекистон ташаббуслари ҳақида сўзлаб берди.

- Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркистонда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитидаги иштироки ҳам мазмунан, ҳам икки томонлама мулоқотлар кўламига кўра жуда бой бўлди. Сизнингча, ушбу саммит нима билан ёдда қолди ва унинг ўзига хослиги нимада?

- Авваламбор, ушбу ташриф Туркий давлатлар ташкилотининг ривожланишидаги сифат жиҳатидан янги босқични, шунингдек, Марказий Осиёнинг шаклланаётган Евроосиё ҳамкорлиги архитектурасидаги ролини акс эттирганини таъкидламоқчиман.

Қайд этиш жоизки, бу галги саммитнинг диққат марказида нафақат маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари, балки иқтисодий ва технологик тараққиёт келажаги билан бевосита боғлиқ бўлган рақамлаштириш, сунъий интеллект, транспорт ўзаро боғлиқлиги, инновациялар каби мавзулар ҳам бўлди. Бу ТДТнинг янада прагматик ва амалий ҳамкорликка йўналтирилган платформага босқичма-босқич айланаётганидан дарак беради.

Мамлакатимиз Евроосиёда очиқ, ўзаро манфаатли ва технологияларга йўналтирилган ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори бўлгани учун бундай ёндашув Ўзбекистон учун айниқса муҳимдир. Глобал ўзгаришлар шароитида айнан ўзаро боғлиқлик, барқарор таъминот занжирлари, рақамли инфратузилма ва қўшма саноатни ривожлантириш масалалари минтақаларнинг узоқ муддатли рақобатбардошлигининг асосий омилларига айланмоқда.

Бу галги саммитнинг ўзига хослиги шундаки, Марказий Осиёнинг минтақавий динамикада мустақил марказ сифатидаги роли тобора яққол кўзга ташланмоқда. Учрашувнинг айнан туркий дунёнинг энг муҳим маънавий ва тарихий марказларидан бири бўлган Туркистонда ўтказилгани рамзий маънога эга. Бу минтақамизнинг нафақат тарихий-маданий муштараклик макони, балки иқтисодий, транспорт ва гуманитар ўзаро боғлиқликнинг муҳим тугуни сифатидаги аҳамияти ҳам ортиб бораётганини кўрсатади.

Давлатимиз раҳбарининг Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан икки томонлама учрашувлари алоҳида эътиборга лойиқ. Улар юқори даражадаги ишонч ва минтақавий мулоқотнинг интенсивлигини намойиш этди.

Хусусан, Қирғизистон томони билан музокаралар чоғида йирик инфратузилма лойиҳаларини, энг аввало, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда бундай лойиҳалар нафақат транспорт, балки стратегик аҳамиятга эга, чунки улар Евроосиёнинг янги геоиқтисодий конфигурациясини шакллантиради ва Марказий Осиёнинг асосий транзит ва ишлаб чиқариш макони сифатидаги ролини кучайтиради.

Туркия етакчиси билан учрашув Ўзбекистон-Туркия муносабатлари барқарор кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилганини яна бир бор тасдиқлади. Гап энди нафақат савдо ёки инвестицияларнинг ўсиши, балки саноат, технология, логистика, таълим ва бошқа соҳаларда узоқ муддатли ҳамкорликни шакллантириш ҳақида бормоқда.

Ташрифнинг гуманитар жиҳати ҳам ғоят аҳамиятлидир. Ўзбекистон томонининг Туркистонда қурдирган масжидини зиёрат қилиши Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги қардошлик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганининг ёрқин рамзи, халқларимизнинг умум тарихий, маънавий ва маданий яқинлигининг ифодаси бўлди. Бугунги кунда гуманитар йўналиш минтақадаги иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни тобора узвий тўлдириб бораётгани муҳим аҳамиятга эга.

Кенгроқ доирада ушбу ташриф Ўзбекистон барча ҳамкорлар билан конструктив ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори бўлиб, очиқ ва мувозанатли ташқи сиёсатни давом эттираётганини тасдиқлайди. Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари туркий ҳамкорликка ёпиқ геосиёсий лойиҳа сифатида эмас, балки Евроосиёдаги кенг қамровли инклюзив ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик архитектурасининг бир қисми сифатида қараши муҳим аҳамиятга эга.

Шунинг учун ҳам бугунги кунда Марказий Осиё яхши қўшничилик, ўзаро боғлиқлик, прагматизм ва минтақанинг барқарор ривожланиши учун умумий масъулият тамойилларига асосланган ўз кун тартибига эга бўлган халқаро муносабатларнинг мустақил субъекти сифатида тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

- Туркистонда бўлиб ўтган ТДТ норасмий саммитида Ўзбекистон қандай кун тартиби билан чиқди ва сизнингча, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббусларда нималар алоҳида эътиборга лойиқ?

- Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилоти саммитида нафақат туркий дунёнинг маданий-цивилизациявий ҳамжамиятини мустаҳкамлашга, балки энг аввало, технологик, транспорт, инвестициявий ва гуманитар ҳамкорликнинг янги архитектурасини шакллантиришга қаратилган жуда кенг қамровли ва айни пайтда прагматик кун тартибини илгари сурди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу галги нутқининг ўзига хос жиҳати шундаки, унда ТДТнинг асосан сиёсий-маданий платформадан ХХИ асрнинг энг истиқболли ва стратегик жиҳатдан нозик соҳалари - сунъий интеллект, рақамли инфратузилма, логистика, иқлим хавфсизлиги ва кибербарқарорлик бўйича амалий интеграция механизмига ўтишига урғу берилди.

Эътиборлиси, Ўзбекистон аслида “рақамли туркий макон”нинг концептуал кўринишини таклиф қилди. Гап энди шунчаки гуманитар яқинлик ёки савдони кенгайтириш ҳақида эмас, балки умумий технологик экотизим яратиш ҳақида бормоқда. Айнан шу нуқтаи назардан сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик тармоғини шакллантириш ташаббуси, шунингдек, минтақавий маълумотлар марказлари ва рақамли платформаларни юқори тезликдаги алоқа каналлари орқали боғлаши керак бўлган “Рақамли туркий коридор” концепцияси илгари сурилди.

Ўзбекистон Президенти рақамли кун тартибини туркий цивилизациянинг тарихий ва интеллектуал мероси билан боғлагани айниқса муҳимдир. Муҳаммад Ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Райҳон Беруний ва Мирзо Улуғбекларнинг номларига мурожаат қилиш нутққа янада чуқур ва кўламли мазмун бағишлади. Бу билан замонавий технологик модернизация ташқи ўзлаштириш эмас, балки минтақанинг ўз илмий меросининг табиий давоми сифатида қаралиши таъкидланди.

Ўзбекистоннинг ҳамкорликни институционализация қилиш ғоясини илгари сургани яна бир муҳим жиҳат бўлди. Президентнинг деярли барча ташаббуслари амалий аҳамият касб этиб, ўзаро ҳамкорликнинг аниқ механизмларини, жумладан, Қозоғистон билан қўшма венчур фондини, Тошкентда Технологиялар форумини, умумий маданий меросни бирлаштириш учун “катта маълумотлар” платформасини, Киберхавфсизлик бўйича туркий альянсни ҳамда сунъий йўлдош маълумотлари асосида иқлим хатарларини мониторинг қилиш тизимини яратишга қаратилди.

Ўзбекистон “рақамлаштириш - транспорт ўзаро боғлиқлиги – хавфсизлик” алоқасини изчил илгари сураётгани ҳам эътиборга молик. Нутқда Ўрта йўлакни Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли билан интеграция қилиш, божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш ва ягона логистика маконини ишга туширишга алоҳида эътибор қаратилди. Аслида, гап Марказий Осиё чекка ҳудуд эмас, балки асосий тугунлардан бирига айланадиган янги Евроосиё транспорт-технологик чизиқларини шакллантириш ҳақида бормоқда.

Экологик ташаббуслар блоки алоҳида эътиборга лойиқ. Ўзбекистон иқлим кун тартибига туркий маконнинг жамоавий хавфсизлиги масаласи сифатида қарашни таклиф қилди. ТДТ доирасида 2027 йилни Табиатни муҳофаза қилиш йили деб эълон қилиш ташаббуси, шунингдек, қурғоқчилик, тупроқ деградацияси ва музликларнинг эришини биргаликда мониторинг қилиш бўйича таклифлар Ташкилотга янада замонавий ва глобал миқёсда талаб қилинадиган кун тартибини беришга интилишдан далолат беради.

Ўсиб бораётган халқаро нотинчлик шароитида Президент Шавкат Мирзиёев ишонч, мувофиқлаштириш ва жамоавий барқарорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Киберхавфсизлик бўйича Туркий альянсни ташкил этиш таклифи бугунги кунда янги таҳдидлар нафақат анъанавий ҳарбий-сиёсий соҳада, балки рақамли маконда ҳам шаклланаётганининг ифодасидир.

Умуман олганда, Ўзбекистоннинг чиқиши Тошкент ТДТга Евроосиёнинг технологик, иқтисодий ва гуманитар ривожланишнинг мустақил марказларидан бирига айланишга қодир бўлган узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик платформаси сифатида қарашини кўрсатди. Шу билан бирга, ўзбек ёндашувининг ўзига хос хусусияти прагматизм, институционал тафаккур ва очиқ минтақавий боғлиқлик ғоясининг уйғунлигидадир.

- Умуман олганда, ТДТ саммити якунларини қандай баҳолайсиз ва унинг бугунги кундаги амалий аҳамияти нимада?

- Кенгроқ стратегик контекстда гапирадиган бўлсак, Туркий давлатлар ташкилотининг якунланган саммити ТДТ жадал ўзгариб бораётган дунёда ҳамкорликнинг асосан рамзий ва гуманитар моделидан тўлақонли амалий ҳамкорлик платформасини шакллантиришга босқичма-босқич ўтаётганини кўрсатди.

Ва бу, эҳтимол, Туркистондаги учрашувнинг асосий натижасидир.

Бугунги кунда халқаро тизим чуқур трансформация даврини бошдан кечирмоқда. Геосиёсий парчаланиш кучаймоқда, транспорт йўналишлари, технологиялар, ресурслар ва бозорлар учун рақобат ортиб бормоқда. Одатий логистика занжирлари бузилмоқда, инфратузилма барқарорлиги, энергетика хавфсизлиги, рақамли суверенитет ва озиқ-овқат хавфсизлиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу фонда давлатлар ташқи зарбаларга чидамлиликни таъминлай оладиган минтақавий ҳамкорлик форматларини тобора фаол изламоқда.

ТДТ саммити якунларини айнан шу нуқтаи назардан кўриб чиқиш лозим.

Учрашувнинг амалий аҳамияти, энг аввало, туркий дунё мамлакатлари мавҳум интеграция ғояларини эмас, балки биргаликда ривожланишнинг аниқ механизмларини – транспорт йўлаклари, рақамли инфратузилма, технологик кооперация, иқлимга чидамлилик, логистика ва киберхавфсизликни муҳокама қила бошлаганида намоён бўлади.

Етакчиларнинг деярли барча маърузалари у ёки бу даражада ўзаро боғлиқлик ва барқарорлик масалаларига бағишлангани диққатга сазовордир. Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев туркий маконнинг транспорт-транзит салоҳиятини мустаҳкамлаш ва Ўрта йўлакни ривожлантириш зарурлигига эътибор қаратди. Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ТДТ мамлакатлари ўртасида логистика интеграцияси ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев транспорт алоқалари ва минтақанинг янги Евроосиё йўналишларини шакллантиришдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратди. Буларнинг барчаси айнан транспорт, логистика ва инфратузилмавий ўзаро боғлиқлик бугунги кунда янги минтақавий иқтисодиётнинг асосига айланаётганини акс эттиради.

Шу маънода Марказий Осиё аста-секин Евроосиёнинг муҳим тугунларидан бирига айланмоқда. Минтақага энди шунчаки транзит ҳудуд сифатида қаралмаяпти. Бугун бу ерда Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлайдиган янги ишлаб чиқариш, логистика ва инвестиция марказини барпо этиш ҳақида гап кетмоқда.

Шу боис Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон темир йўли, Ўрта йўлакни интеграция қилиш, божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш, маълумотлар марказлари ва логистика платформаларини ривожлантириш масалалари муҳим аҳамият касб этмоқда. Амалда Евроосиёнинг янги инфратузилма географияси шаклланмоқда.

Саммитда транспорт алоқаси, рақамлаштириш ва хавфсизлик ўртасидаги ўзаро боғлиқлик аниқ белгилаб берилгани айниқса муҳимдир. Бугунги кунда давлатларнинг барқарорлиги нафақат ҳарбий салоҳият, балки транспорт йўлаклари, энергетика тармоқлари, рақамли инфратузилма ва таъминот занжирларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш қобилияти билан ҳам белгиланади.

Шу маънода, Ўзбекистоннинг ташаббуслари ўз вақтида илгари сурилган ва стратегик жиҳатдан пухта ўйлангани кўринади. “Рақамли туркий коридор”, Туркий киберхавфсизлик альянси, иқлим хавфларини мониторинг қилиш тизими, қўшма сунъий интеллект платформаларини яратиш бўйича таклифлар XXI аср рақобати тобора кўпроқ технологик ва инфратузилмавий соҳаларда кечишини англашни акс эттиради.

Иқлим кун тартиби алоҳида эътиборга лойиқ. Бир неча йил олдин бундай мавзулар иккинчи даражали деб қабул қилинган бўлса, бугунги кунда улар бевосита иқтисодий барқарорлик ва хавфсизлик масалалари билан боғлиқ. Сув танқислиги, тупроқ деградацияси, экстремал об-ҳаво ҳодисалари энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва миграция жараёнларига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Шу боис Ўзбекистоннинг иқлим хатарларини мониторинг қилиш механизмларини яратиш ва 2027 йилни Табиатни муҳофаза қилиш йили деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифи жуда долзарб.

Саммит Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги сиёсий ишончнинг юксак даражасини намойиш этгани ҳам эътиборга молик. Бир неча йил аввал минтақавий ҳамкорликнинг бундай жадал даражасини тасаввур қилиш қийин эди. Бугунги кунда Марказий Осиё йирик давлатлар ташқи сиёсатининг объекти эмас, балки ўз кун тартибини шакллантириш ва йирик минтақавий ташаббусларни илгари суришга қодир бўлган халқаро муносабатларнинг мустақил субъекти сифатида намоён бўлмоқда.

Умуман олганда, саммитнинг амалий фойдаси минтақанинг узоқ муддатли барқарорлигини мустаҳкамлашдан иборат дейиш мумкин. Гап туркий макон мамлакатларига технологик, иқтисодий, иқлимий ва геосиёсий каби глобал ўзгаришларга биргаликда мослашиш имконини берадиган механизмларни яратиш ҳақида кетмоқда.

Шунинг учун ҳам бугунги саммитга нафақат дипломатик тадбир, балки Евроосиёда прагматизм, ўзаро боғлиқлик, технологик ривожланиш ва жамоавий барқарорликка асосланган минтақавий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантиришнинг муҳим босқичи сифатида қараш лозим.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш