Рио-де-Жанейрода илк Ўзбекистон–Бразилия савдо уйи фаолиятини бошлади

Май 19, 2026. 11:25 • 2 дақ

25
Рио-де-Жанейрода илк Ўзбекистон–Бразилия савдо уйи фаолиятини бошлади

РИО-де-ЖАНЕЙРО, 19 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ташаббуси билан Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида илк Ўзбекистон–Бразилия савдо уйи ташкил этилиб, тўлиқ ишга туширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур тузилма маҳаллий қонунчилик асосида тўлиқ юридик рўйхатдан ўтказилиб, “Brazilian–Uzbekistan Trade House Ltd.” номи билан хўжалик юритувчи субъект мақомидаги савдо компанияси сифатида ўз фаолиятини бошлади.

Янги компания учун шартномавий муносабатларга киришиш, экспорт-импорт амалиётларини йўлга қўйиш ҳамда Бразилия бозорида ўзбек маҳсулотларини сотиш имконини берувчи зарур ҳуқуқий ва тизимли асослар яратилди.

Иқтисодий таҳлилчиларнинг қайд этишича, савдо уйининг айнан Рио-де-Жанейро шаҳрида ташкил этилиши стратегик аҳамиятга эга. Ушбу мегаполис Бразилиянинг муҳим молиявий, туристик, транспорт ва йирик логистика маркази ҳисобланади. Бу эса ўзбек экспортчилари учун нафақат Бразилия, балки Меркосур (МERCOSUR) блокига аъзо Аргентина, Чили, Парагвай, Уругвай, Перу, Колумбия каби Лотин Америкасининг бошқа етакчи давлатлари бозорларига чиқишда стратегик дарвоза вазифасини ўтайди.

Савдо уйи икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида доимий мулоқот майдони ва ишончли амалий кўмак механизми сифатида хизмат қилади. У тижорий операциялар жараёнида логистика, мультимодал ташувлар, омборхона ва порт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этишда тадбиркорларга яқиндан кўмак беради.

Яқин кунларда савдо уйи таъсисчиларининг Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, экспортчилар уюшмалари ва тармоқ ташкилотлари билан амалий савдо операцияларини бошлаш бўйича онлайн музокаралари ташкил этилиши режалаштирилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш