Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги алоқалар янада кенгайтирилади
Февраль 23, 2026. 16:50 • 52 сония
• 69
ЖЕНЕВА, 23 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг БМТ бўлими ва Женевадаги бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Элдиёр Тошматов Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) Бош директори Эми Поуп билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги алоқалар устувор йўналишларда, хусусан, меҳнат миграциясини қўллаб-қувватлаш, мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш борасида жадал ривожланаётганини мамнуният билан қайд этди.
ХМТ Бош директори Эми Поуп Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал миграция жараёнларидаги конструктив ролини юқори баҳолади. У мамлакатимизнинг Марказий Осиёдаги ишончли ҳамкор сифатидаги мавқеи мустаҳкамланиб бораётганини, Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб ўртасида муҳим боғловчи бўғинга айланаётганини алоҳида таъкидлади.
Эми Поуп Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида миграция соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга, жумладан, норматив-ҳуқуқий базани модернизация қилиш ва меҳнат мигрантларини ижтимоий ҳимоя қилиш механизмлари яратилганига ижобий баҳо берди.
Учрашув якунида томонлар стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва минтақада мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
