Индонезияда Ўзбекистонга сайёҳлик йўналишлари ва "Umra Plus" дастури тарғиб қилинмоқда
Февраль 16, 2026. 09:00 • 3 дақ
• 163БАНЖАРМАСИН, 16 февраль. /“Дунё” АА/. Индонезиянинг Жанубий Калимантан провинцияси маркази Банжармасин шаҳрида Ўзбекистон туризм соҳаси тарғиботига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини Жанубий Калимантанда кенг тарғиб қилиш, маҳаллий туроператорлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, “Umrah Plus Uzbekistan” дастури доирасида қўшма турпакетлар ишлаб чиқиш ва авиақатновлар масаласини муҳокама этишдан иборат бўлди.
Анжуманда Банжармасин шаҳри мэрининг биринчи ўринбосари Ибу Ананда, Жанубий Калимантан провинцияси маъмуриятининг туризм бошқармаси вакиллари, Умра ва ҳаж зиёратларини ташкил қилиш ташкилоти раиси Сариди Салимин, етакчи туризм компаниялари раҳбарлари, умра ташкилотчилари, маҳаллий ОАВ вакиллари қатнашди.
Тақдимот доирасида Ўзбекистон ва Индонезияни муштарак тарихий-маданий илдизлар, ислом цивилизацияси мероси ва ўхшаш қадриятлар боғлаб туриши таъкидланди.
Бугунги кунда туризм мамлакатимизда стратегик тармоқ сифатида белгиланган. Зиёрат туризми, хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломалар мероси индонезиялик зиёратчилар учун алоҳида аҳамият касб этади.
Тадбирда иштирок этган индонезиялик соҳа вакиллари Ўзбекистон Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган давлат сифатида асрлар давомида савдо, илм-фан ва ислом тафаккури маркази бўлиб келгани ҳақида фикр билдирди. Сайёҳлик компаниялари вакиллари Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлар нафақат тарихий ёдгорликлар мажмуаси, балки жонли маданий муҳит эканини таъкидлади.
“Umrah Plus Uzbekistan” дастури доирасида Индонезиядан келаётган зиёратчиларга Макка ва Мадина сафари билан бир қаторда Самарқанд ва Бухорони ўз ичига олган маънавий-маърифий йўналишларни таклиф этиш имконияти ва бу йўналиш икки давлат ўртасидаги амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишига оид фикрлар хориж томонида катта қизиқиш уйғотди. Тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш ва туроператорлар ўртасидаги ҳамкорликни институционаллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Банжармасин шаҳри ҳокими биринчи ўринбосари Ибу Ананда Ўзбекистон билан туризм соҳасида алоқаларни ривожлантириш Жанубий Калимантан учун янги имкониятлар очишини таъкидлади.
Умра ва ҳаж зиёратларини ташкил қилиш ташкилоти “Forum Komunikasi Perusahaan Umroh dan Haji” раиси Сариди Салимин Ўзбекистоннинг ислом оламидаги ўрни ҳақида сўз юритди.
“Имом Бухорий юрти бўлган Самарқанд индонезиялик мусулмонлар учун катта маънавий аҳамиятга эга. Биз “Умра плюс” дастурларига Ўзбекистонни киритиш имкониятларини кўриб чиқмоқдамиз. Ўзбекистон туризм компаниялари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқишдан манфаатдормиз”, – деди у.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган кенг қамровли мультимедиа тақдимоти ўтказилди. Унда мамлакатнинг маданий-тарихий мероси, зиёрат масканлари, замонавий туристик инфратузилмаси, Самарқанд ва Хива туристик марказлари, халқаро меҳмонхона тармоқлари, қишки ва экологик туризм имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тақдимотдан сўнг G2B (Government-to-Business) форматида учрашувлар ташкил этилди. Туроператорлар ўртасида икки томонлама музокаралар ўтказилди, ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Савол-жавоб сессияси давомида авиақатновлар, виза тартиби, гуруҳли зиёратлар логистикаси, ҳалол стандартлари, меҳмонхона инфратузилмаси ва маҳаллий шериклар билан ишлаш механизмлари юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Айрим индонезиялик туроператорлар ўз чиқишларида Ўзбекистон компаниялари билан аввалги ҳамкорлик тажрибаси ижобий бўлганини, хизмат кўрсатиш сифати ва хавфсизлик даражаси юқори эканини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси







