Logo

Ўзбекистон ва Ҳиндистон туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги босқичига ўтмоқда

Февраль 12, 2026. 09:00 • 2 дақ

161
Ўзбекистон ва Ҳиндистон туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги босқичига ўтмоқда

МУМБАЙ, 12 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистоннинг «Wingspan» ва «Blink Brand Solutions» туристик компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мулоқот давомида туризм соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, Ҳиндистондан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Томонлар сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар жадал суръатлар билан ривожланаётганини, туризм эса гуманитар ва иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашда асосий йўналишлардан бири эканини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Ҳиндистон бозорида комплекс тарғиб қилиш бўйича янги ёндашувлар ва концепцияларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳиндистонлик сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида минтақа хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда янги маркетинг стратегиясини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Хусусан, унинг доирасида ҳинд ва инглиз тилларида ихтисослаштирилган веб-сайтлар ва оммабоп ижтимоий тармоқларда саҳифалар яратиш, YouTube ва бошқа рақамли ресурслар имкониятларидан фаол фойдаланиш кўзда тутилган.

MakeMyTrip, Yatra, Booking.com India каби йирик турагентликлар ва платформаларни жалб этиш, шунингдек, Ҳиндистоннинг таниқли журналистлари ва блогерлари учун инфо-турлар ташкил этиш ҳам ижобий натижалар бериши қайд этилди.

Томонлар Ҳиндистон киноиндустриясининг бадиий фильмлари ва мусиқий клипларини Самарқанд, Бухоро, Хива ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари ҳамда масканларида суратга олишни ташкил этиш истиқболларини муҳокама қилди.

Ҳиндистоннинг Мумбай, Колката, Ҳайдаробод, Бангалор каби йирик мегаполисларидан Тошкент ва Самарқандга тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйишнинг стратегик аҳамияти таъкидланди.

Музокаралар якунида «Wingspan» ва «Blink Brand Solutions» компаниялари билан шерикликда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Ҳиндистон бозорида кенг тарғиб қилиш концепциясини биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Ушбу ташаббуслар икки томонлама ҳамкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун янги имкониятлар очиш, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантиришга қаратилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш