Германиядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқими 25 фоизга ошди
Октябрь 12, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 76
ТОШКЕНТ, 12 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Германия туристик бозоридаги жозибадорлиги ортиб бормоқда: 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида мамлакатимизга ташриф буюрган немис сайёҳлари сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоизга ортди, дея хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Германия Ўзбекистон учун муҳим Европа туристик бозорларидан бири ҳисобланади. Жорий йилнинг тўққиз ойида мамлакатимизга 43 мингга яқин германиялик сайёҳ келган. Бу кўрсаткич немис сайёҳларининг мамлакатимизга бўлган қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади.
2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида юртимизга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони 10,3 миллион нафарга етган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20,4 фоизга кўпдир.
Европа мамлакатлари орасида Германия билан бир қаторда Буюк Британиядан келувчилар сони ҳам 25 фоизга, Франциядан 21 фоизга, Туркиядан эса 15 фоизга ошган. Хитойдан туристик ташрифлар 2,1 баробарга, Малайзиядан 1,9 баробарга, Япониядан 1,5 баробарга ва АҚШдан 1,4 баробарга кўпайган.
Хорижий сайёҳлар оқимининг ортиши туризм соҳасининг иқтисодий кўрсаткичларида ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан, жорий йилнинг тўққиз ойида туристик хизматлар экспорти 5,3 миллиард АҚШ долларига етиб, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 51,2 фоизга ўсган.
Ушбу динамика Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги мавқеини мустаҳкамламоқда. Германиядан сайёҳлар оқимининг барқарор ўсиши икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлик алоқаларини янада кенгайтириш имконини бермоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси