Мадриддан муносабат: Ўзбекистон МДҲда ўзаро манфаатли шериклик ва барқарор ривожланиш ғоясини илгари сурмоқда

Октябрь 12, 2026. 09:00 • 3 дақ

• 72
Мадриддан муносабат: Ўзбекистон МДҲда ўзаро манфаатли шериклик ва барқарор ривожланиш ғоясини илгари сурмоқда

МАДРИД, 12 октябрь. /“Дунё” АА/. Испаниядаги Пан-Европа иттифоқи президенти, профессор Карлос Уриарте Санчес “Дунё” ААга берган интервьюсида Ўзбекистон Президентининг 7–9 октябрь кунлари Туркманистонга амалга оширган амалий ташрифи якунларини хусусида фикр билдирди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонда бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқи минтақавий ҳамкорлик бўйича прагматизм, ўзаро манфаатдорлик ва аниқ натижаларга таянган стратегик қарашларни намоён этди. Халқаро беқарорлик шароитида илгари сурилган ушбу ташаббуслар ишончни мустаҳкамлаш ва минтақавий мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилади.

Анъанавий товар айирбошлашдан қўшилган қиймат занжирларини биргаликда яратиш ва ишлаб чиқариш кооперациясига ўтиш таклифи алоҳида аҳамият касб этади. Инвестициявий ресурслар, ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда технологияларни бирлаштириш янги корхоналар ташкил қилиш, бандликни кенгайтириш ва иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини ошириш имконини беради. Эркин савдо зонасини мустаҳкамлаш, техник тўсиқларни бартараф этиш ва мувофиқлик сертификатларини ўзаро тан олиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ташаббуслар, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўғитларга экспорт чекловларини жорий этишдан олдин бу ҳақда хабардор қилиш ҳамда маслаҳатлашувлар ўтказиш таклифи диққатга сазовордир. Саноат кооперацияси ва ўзаро инвестицияларни кенгайтириш мақсадида МДҲ мамлакатларининг махсус иқтисодий зоналари ҳамда индустриал паркларини ягона тармоққа бирлаштириш ҳам истиқболли қадам ҳисобланади.

Транспорт боғлиқлигини ривожлантириш, интеграциялашган логистика марказларини ташкил этиш, транзит харажатларини қисқартириш ва юк ташиш қоидаларини унификация қилиш бўйича таклифлар стратегик аҳамиятга эга.

2029 йилни МДҲда Транспорт боғлиқлиги йили деб эълон қилиш ташаббусининг қўллаб-қувватлангани узоқ муддатли режалаштиришнинг муҳимлигини кўрсатади. Энергетика хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик, паст углеродли технологиялар ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан, Испания каби европалик ҳамкорлар билан алоқаларни йўлга қўйиш янги имкониятлар эшигини очади.

Хавфсизлик ва гуманитар ҳамкорлик соҳаларидаги ташаббуслар ҳам ғоят муҳим. МДҲнинг Трансчегаравий кибержиноятларга қарши курашиш бўйича Қўшма алоқа марказини ташкил этиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мувофиқлашувини кучайтирса, ижодий соҳалар ва ёшлар алмашинувини қўллаб-қувватлаш халқлар ўртасидаги ришталарни янада мустаҳкамлайди.

Шунингдек ўқинг

Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашуви изчил минтақавий сиёсатнинг ёрқин тасдиғи бўлди. Стратегик шериклик олий кенгашини тузиш тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаб, ҳамкорликни тизимли асосга қўяди.

Ўзаро савдо ҳажмининг ўсиши, “Шовот–Тошовуз” чегараолди савдо зонасининг ривожланиши ҳамда саноат, энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги шерикликнинг кенгайиши улкан салоҳиятдан далолат беради.

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан бўлиб ўтган учрашув ҳам икки томонлама алоқаларни кенгайтириш истиқболларини ифодалади. Ўзаро савдонинг ўсиши, Ўзбекистонда арман капитали иштироки ва тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши қишлоқ хўжалиги, саноат, фармацевтика, кимё тармоғи ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларини минтақада ишонч, иқтисодий ўзаро боғлиқлик ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшилган изчил ҳисса деб биламан.

Бу ташаббуслар стратегик қарашлар билан бирга ишлаб чиқариш кооперацияси ва транспорт лойиҳаларидан тортиб шерикликнинг янги институтларигача бўлган аниқ амалга ошириш механизмларига эгалиги билан ажралиб туради.

Ўзбекистоннинг МДҲга бўлажак раислиги ушбу кун тартибини илгари суриш учун қўшимча имкониятлар яратади. Ишончим комилки, таклиф этилган ташаббусларнинг рўёбга чиқарилиши минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва халқлар фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш