Ўзбекистон ва Польша ўртасида сайёҳлик соҳаси бўйича янги ташаббуслар муҳокама қилинди
Октябрь 09, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 135
ВАРШАВА, 9 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида “Air Arabia” авиакомпаниясининг Польшадаги тижорат менежери Кшиштоф Штейман билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш, сайёҳлар оқимини ошириш ҳамда авиакомпаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда “Air Arabia” авиакомпанияси билан ҳамкорликни кучайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Хусусан, авиакомпания томонидан йўлга қўйилган Варшава, Краков ва Гданьск–Шаржа йўналишлари орқали Тошкент ва Наманган шаҳарларига журналистлар ва инфлюенсерлар учун пресс-турлар ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.
Суҳбат давомида поляк сайёҳлари орасида Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва исломий меросига бўлган қизиқиш ортиб бораётгани, Польшада истиқомат қилувчи тахминан 35 минг нафар татар диаспораси орқали Бухоро, Самарқанд ва бошқа тарихий қадамжоларни зиёрат туризми йўналишида тарғиб қилиш имкониятлари ҳақида фикр алмашилди.
Учрашув якунлари бўйича жорий йил ноябрь ойида Варшавада ўтказиладиган “ITTF Warsaw 2026” халқаро туризм кўргазмасида “Ўзбекистонга саёҳат қиламиз” тақдимотини ташкил этиш, “Uzbekistan Airways” рейсларини йўлга қўйиш бўйича ахборот алмашиш, Польша журналистлари ва инфлюенсерлари учун пресс-турлар ташкил этиш ҳамда “Compass Travel” агентлиги билан зиёрат туризми соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси