Заҳид Рафиқ: Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи етакчи иқтисодий ва инвестиция марказларидан бирига айланмоқда

Июль 24, 2026. 08:10 • 7 дақ

71
Заҳид Рафиқ: Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи етакчи иқтисодий ва инвестиция марказларидан бирига айланмоқда

ИСЛОМОБОД, 24 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Покистоннинг йирик саноат ва инвестиция компанияларидан бири – “HRL Group” бошқаруви раиси Зaҳид Рафиқ “Дунё” АА мухбирига эксклюзив интервью берди.

– Жорий йил Янги Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар бошланганининг 10 йиллиги нишонланмоқда. Сиз ушбу ўн йиллик янгиланган жараён натижаларини қандай баҳолайсиз ва мамлакатда амалга оширилган энг муҳим ўзгаришлар сифатида нималарни айтасиз?

– Сўнгги ўн йил давомида Янги Ўзбекистон халқаро бизнес ҳамжамияти эътиборини тортган улкан ва таъсирчан ўзгаришларни амалга оширди. Ислоҳотлар иқтисодиётни модернизация қилди, давлат институтларини мустаҳкамлади, инвестиция муҳитини янада яхшилади, маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун очиқлик ва шаффофликни таъминлади.

Бу жараён Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириб, уни Марказий Осиёнинг энг жадал ривожланаётган ва истиқболли иқтисодиётларидан бирига айлантирди. Мамлакатнинг иқтисодий либераллашув, инфратузилмани ривожлантириш ва хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсати барқарор тараққиёт учун мустаҳкам пойдевор яратди.

Компания раҳбари сифатида мен учун энг муҳим ютуқ – Ўзбекистоннинг иқтисодий ислоҳотларни минтақавий ҳамкорлик ва халқаро интеграцияга қаратилган узоқни кўзловчи сиёсат билан уйғунлаштира олганидир.

Хорижий инвестицияларни жалб қилиш, инновацияларни рағбатлантириш ва ташқи савдони кенгайтиришга қаратилган сиёсат Покистон ва бошқа давлатлар компаниялари учун янги имкониятларни очди.

Ишонаманки, сўнгги ўн йилдаги ютуқлар фақат бошланишидир. Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи етакчи иқтисодий ва инвестиция марказларидан бирига айланади.

– Ушбу вақт мобайнида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада кучайди. Ушбу шерикликнинг қайси натижаларини энг муваффақиятли деб ҳисоблайсиз ва келгусида қайси қўшма лойиҳалар ёки ҳамкорлик йўналишлари устувор бўлиши лозим?

– Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар кучли сиёсий ирода ва минтақанинг фаровонлигига қаратилган умумий ёндашув асосида сезиларли даражада мустаҳкамланди. Савдо, инвестициялар, инфратузилма, логистика ҳамда бизнес субъектлари ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланди.

Ўзбекистонда инвестиция муҳитининг яхшиланиши “HRL Group” каби компанияларни янги имкониятларни излашга ундади. Юқори даражадаги мунтазам мулоқотлар ва бизнес форумлар инвесторлар ишончини янада мустаҳкамлади.

Фикримча, келгусида инфратузилмани ривожлантириш, саноат лойиҳалари, кон-металлургия саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш устувор вазифалардан бўлиши керак.

Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи самарали транспорт йўлакларини ривожлантириш икки мамлакат учун улкан иқтисодий имкониятларни очади. Қўшма корхоналар ташкил этиш, технологиялар трансфери ва хусусий секторлар ўртасидаги алоқаларни янада кучайтириш муҳим аҳамиятга эга. Мен Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар истиқболи жуда порлоқ эканига ишонаман.

– Ислоҳотларнинг асосий мақсадларидан бири очиқ, инвестициялар учун жозибадор ва халқаро иқтисодий тизимга чуқур интеграциялашган иқтисодиётни шакллантириш эди. Сизнингча, ушбу ўзгаришлар халқаро ҳамжамият, инвесторлар ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар ишончини қай даражада мустаҳкамлади?

– Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида сўнгги ўн йилда амалга оширилган ислоҳотлар Ўзбекистоннинг халқаро бизнес ҳамжамияти олдидаги нуфузини сезиларли даражада оширди. Янги Ўзбекистон янада очиқ, шаффоф ва хорижий инвесторлар учун жозибадор давлатга айланди. Бизнес юритиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, қонунчиликни такомиллаштириш ва хусусий инвестицияларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар халқаро компаниялар ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар ишончини кучайтирди. Бугунги кунда кўплаб инвесторлар Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг энг истиқболли бозорларидан бири сифатида баҳоламоқда.

Назаримда, ушбу ислоҳотлар мамлакатнинг узоқ муддатли иқтисодий ўсиши учун мустаҳкам замин яратди. Инвесторлар барқарорликни, аниқ сиёсатни ва доимий такомиллашувга интиладиган давлатни қадрлайди. Ўзбекистон ана шундай фазилатларни намоён этмоқда.

– Бугунги кунда Ўзбекистон барқарор ривожланиш, “яшил” иқтисодиёт, рақамли трансформация, илм-фан, таълим ва инсон капитали ривожланиши соҳаларида фаол ташаббусларни илгари сурмоқда. Келгуси йилларда ушбу соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш учун қандай имкониятларни кўраяпсиз?

– Ўзбекистон барқарор ривожланиш, рақамли трансформация, таълим ва инновациялар соҳасида катта ютуқларга эришди. Бу йўналишлар узоқ муддатли иқтисодий ўсишнинг асосий омилларидир ва ҳукуматнинг уларга қаратаётган эътибори халқаро алоқалар учун янги имкониятларни яратмоқда.

Мен қайта тикланувчи энергия манбалари, “ақлли” инфратузилма, рақамли технологиялар, касб-ҳунар таълими ва илмий тадқиқотлар соҳаларида ҳамкорлик учун катта салоҳиятни кўраман. Бу соҳалар ҳам Ўзбекистон, ҳам унинг халқаро шериклари учун манфаатли бўлади.

Келгуси йилларда Покистон ва Ўзбекистон билим ва тажриба алмашиш, замонавий технологияларга инвестиция киритиш ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлаш орқали ҳамкорликни янада кенгайтириши мумкин.

“Яшил” энергетика, рақамли ечимлар, таълим ва саноат инновациялари соҳасидаги қўшма лойиҳалар янги иш ўринлари яратиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.

Ўз навбатида, “HRL Group” бу каби имкониятларни ўрганиш ва Ўзбекистоннинг замонавий, рақобатбардош ҳамда билимларга асосланган иқтисодиёт барпо этиш мақсадларига ҳисса қўшишдан манфаатдор.

– Ўзбекистон қатор халқаро ва минтақавий ташаббусларни илгари сурмоқда. Сизнингча, улардан қайсилари Марказий Осиё ва халқаро ҳамжамият учун узоқ муддатли аҳамиятга эга бўлади?

– Ўзбекистоннинг энг муҳим ютуқларидан бири – бу Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга бўлган қатъий интилишидир. Қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш, ўзаро савдони кенгайтириш, минтақавий транспорт ва инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали мамлакат барқарор ва иқтисодий жиҳатдан ўзаро боғланган минтақани шакллантиришга катта ҳисса қўшди. Бу саъй-ҳаракатлар нафақат Марказий Осиё, балки Покистон каби давлатлар учун ҳам савдо, инвестициялар ва бизнес муносабатларни кенгайтириш имкониятини яратмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш, рақамли трансформация, таълим ва очиқ иқтисодиётга қаратилган сиёсати халқаро миқёсда ҳам узоқ муддатли аҳамият касб этади, деб ҳисоблайман. Бу ташаббуслар Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини ошириб, уни халқаро инвесторлар учун янада жозибадор қилмоқда ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтиришга янги имкониятлар яратмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан сўнгги ўн йилликда илгари сурилган қатор халқаро ва минтақавий ташаббусларнинг амалий натижалари Ўзбекистонни Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи муҳим кўприк ҳамда минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг ишончли шериги сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлади, деб айтишга барча асослар мавжуд.

– Кўплаб халқаро экспертлар Янги Ўзбекистон ислоҳотларини минтақадаги энг муваффақиятли кенг кўламли ўзгаришлардан бири сифатида баҳоламоқда. Сизнингча, ушбу тажрибанинг қайси жиҳатлари бошқа мамлакатлар учун алоҳида қизиқиш уйғотади ва долзарб ҳисобланади?

– Ўзбекистон ислоҳотлари тажрибасининг энг қимматли жиҳатларидан бири – мамлакатнинг очиқлик сиёсати ва доимий такомиллашувга содиқлигидир. Ҳукумат иқтисодий либераллашув, бизнес муҳитини яхшилаш, давлат институтларини мустаҳкамлаш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни босқичма-босқич амалга оширди. Бу мувозанатли ва амалий ёндашув инвесторлар ҳамда халқаро ҳамкорлар ишончини мустаҳкамлаш билан бирга барқарорликни ҳам таъминлади.

Яна бир муҳим сабоқ – Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорлик ва узоқ муддатли тараққиётга устувор аҳамият қаратаётганидир. Мамлакат инфратузилма, таълим, рақамли трансформация ва инсон капиталига сармоя киритиш билан бирга, қўшни давлатлар билан алоқаларни ҳам фаол ривожлантирмоқда. Бу ислоҳотлар барқарор ўсиш иқтисодий тараққиётни минтақавий ҳамкорлик ва инсон капиталига инвестициялар билан уйғунлаштириш орқали таъминланишини кўрсатади.

Кўплаб ривожланаётган давлатлар, хусусан, Покистон ҳам Ўзбекистон тажрибасидан ўрнак олиб, уни ўз миллий тараққиёт стратегияларига мослаштириши мумкин.

– Келгуси ўн йилликка назар ташласак, Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишини таъминлаш ва унинг жаҳон иқтисодиёти ҳамда халқаро муносабатлардаги ўрнини янада мустаҳкамлаш учун қайси ислоҳот йўналишлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади, деб ҳисоблайсиз?

– Келгуси ўн йилликда ҳам иқтисодий ислоҳотларни изчил давом эттириш, хусусий сектор ривожини рағбатлантириш ва янада кўпроқ хорижий инвестицияларни жалб қилиш устувор вазифа бўлиб қолади деб ҳисоблайман. Ўзбекистон бизнес муҳитини яхшилашда салмоқли натижаларга эришди ва ушбу суръатни сақлаб қолиш инвесторлар ишончини янада мустаҳкамлайди.

Шунингдек, сифатли таълим, касбий кўникмаларни ривожлантириш, инновациялар ва барқарор тараққиёт орқали инсон капиталига сармоя киритиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. “Яшил” иқтисодиётни кенгайтириш ва минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ҳам савдо ва инвестициялар учун янги имкониятлар яратади.

– Ўзбекистон тарихидаги яқинлашиб келаётган муҳим саналар муносабати билан мамлакат раҳбарияти ва халқига қандай тилаклар йўллайсиз?

– Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги ва янги ислоҳотлар бошланганининг 10 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Президенти ва халқини самимий муборакбод этаман. Эришилган ютуқлар ҳақиқатан ҳам таҳсинга сазовор бўлиб, мамлакатнинг аниқ стратегик қарашлари ва қатъияти, кучли ва фаровон давлат барпо этишга бўлган интилишини яққол намоён этмоқда.

Ўзбекистонга тинчлик, барқарорлик ва янада юксак иқтисодий муваффақиятлар тилайман. Мамлакатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари учун янги имкониятлар яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайман.

Ўзбекистон тараққиёт йўлини изчил давом эттириб, яқин келажакда минтақадаги энг муҳим иқтисодий ва инвестиция марказларидан бирига айланишига ишончим комил.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш