Logo

Тожикистон миллий университетида Алишер Навоий ижодига бағишланган янги китоб тақдимоти бўлиб ўтди

Февраль 14, 2026. 15:30 • 2 дақ

87
Тожикистон миллий университетида Алишер Навоий ижодига бағишланган янги китоб тақдимоти бўлиб ўтди
Тожикистон миллий университетида Алишер Навоий ижодига бағишланган янги китоб тақдимоти бўлиб ўтди

ДУШАНБЕ, 14 февраль. /“Дунё” АА/. Буюк мутафаккир ва шоир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан Тожикистон миллий университетида профессор Ўрватулло Тоировнинг тожик тилида ёзилган “Ба олам шоирон соҳибзамонанд” номли китоби тақдимоти ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур янги нашр Алишер Навоийнинг машҳур “Мажолис ун-нафоис» тазкирасига бағишланган бўлиб, XV аср шеърияти тарихи, назарияси ва эстетикасини ўрганувчи тадқиқотчилар ҳамда филология факультети талабалари учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Тадбирда Ўзбекистоннинг Тожикистондаги Элчиси Эргаш Шаисматов, университет филология факультети декани Эмомали Сирожиддинов, олийгоҳ профессор-ўқитувчилари ва ёш тадқиқотчилар иштирок этдилар.

Сўзга чиққан маърузачилар Алишер Навоийнинг ўрта асрлар адабиётидаги ўрни ва унинг туркий ҳамда форсий шеърият ўртасидаги ўзига хос маданий кўприк сифатидаги ролини юқори баҳоладилар. Айниқса, Навоий ва Жомий ўртасидаги дўстлик намунаси бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари учун “Умумий тарих – умумий келажак” шиори остида янги маъно касб этаётгани алоҳида қайд этилди.

Элчи Эргаш Шаисматов ўз нутқида икки давлат раҳбарларининг илм-фан, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари халқларимизнинг янада яқинлашишига хизмат қилаётганини таъкидлади. Мазкур янги асар нафақат адабиётшунослик соҳасидаги муваффақият, балки икки қўшни давлат ўртасидаги маънавий ришталарнинг навбатдаги ифодаси бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш